Ўзбекистон олимпия жамоаси эртага — 3 май куни Осиё кубоги U23 финали доирасида Японияга қарши саф тортади.
«Мазкур беллашув олдидан Темур Кападзе Суперлига 6-туридан ўрин олган «Динамо»га қарши беллашувни қолдиришни сўради. Олимпиячилар 4 май куни тонгда Тошкентга етиб келади. Лига олимпиячиларнинг эҳтимолий финалда тўп суришини инобатга олиб, «Олимпик» иштирокидаги беллашувни турнинг энг сўнгги куни — 7 майга белгилаган эди. Шундай бўлса-да, мавжуд ҳолат инобатга олиниб, Лига Кападзенинг таклифини бу сафар ҳам қаноатлантиришга қарор қилди», - дейилади ПФЛ хабарида.
Шунингдек, 7 май кунги битта ўйин қолдирилганидан келиб чиқиб, ўша учрашув учун режалаштирилган техника билан «Пахтакор» — «Металлург» учрашуви ўтказилиши юзасидан келишилди. Яъни, «Пахтакор» иштирокидаги ўйин 6 май санасидан 7 майга кўчирилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон олимпия жамоасининг Осиё кубогига жўнаб кетиши олдидан Суперлига 5-туридан ўрин олган уч учрашув: «Насаф» — «Навбаҳор», «Нефтчи» — «Пахтакор», «Металлург» — «Олимпик» беллашувлари ҳам қолдирилганди. Эндиликда қолдирилган беллашувлар сони 4тани ташкил этмоқда. Уларнинг қачон ўтказилиши кейинроқ маълум қилинади.
Эслатиб ўтамиз, «Динамо» - «Олимпик» учрашуви 7 май куни Жиззахда бўлиб ўтиши лозим эди. Самарқанддаги стадион чими янгиланган бўлса-да, ўйингоҳда ҳали ўйинларни ўтказишга рухсат берилмаган.