02.05.2024 15:32
8240
Теглар
«Қатарга 11 эмас, 23 футболчи билан келганмиз». Кападзе Файзуллаев ва Ҳусановга ўринбосар борлиги ва Япония билан финал ҳақида

Темур Кападзе ва Жасурбек Жалолиддинов Осиё кубоги финали олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этишди.

Темур Кападзе:

- Эртага қизиқарли учрашув кутиб турибди. Бир бирига муносиб икки жамоанинг ўйинига гувоҳ бўламиз. 2 йил аввалги Осиё кубогида улар каби биз ҳам ёш таркиб билан ҳаракат қилган эдик. Шунингдек, финалга етиб келгани ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланма олгани билан Япония жамоасини қутлайман.

Эртага рақибнинг ўйин услуби ҳақида

- Иккала жамоа бир-бирини яхши билади. Уларнинг ўйинларини таҳлил қилиб чиқдик. Финал учун тайёрлаган режамиз бор ва шунга асосан ўйин кўрсатамиз.

Олимпиада йўлланмаси ўзбек футболи учун қандай аҳамият касб этиши ҳақида

- Биз бу натижадан жуда ҳам хурсандмиз. Зеро, футболимиз тарихида дастлабки Олимпиада йўлланмасига эга чиқдик. Бизгача жамоаларимиз ҳаракат қилишган эди. Лекин қайсидир паллада уларга омад етишмаган. Олимпиада лицензияси кучимизга янада куч қўшмоқда. Эртанги финалда янада яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз.

Легионерларнинг финалда иштирок этолмаслиги ҳақида

- Агар легионерларимиз финалда ҳам иштирок этишганида, бошқача бўлар эди. Лекин биз Қатарга 11 та эмас, 23 та футболчи билан ташриф буюрганмиз. 3 нафар ўйинчи кетгани билан у қадар катта ўзгариш бўлмайди. Ҳар бир ўйинимиз кўрсатдики, жамоада уларнинг ўрнини тўлдира оладиган йигитлар бор ва улар буни билдиришмайди. Фурсатдан фойдаланиб, мезбонларга ажойиб ташкилотчилик ва меҳмондўстлик учун жамоам номидан миннатдорчилик билдириб қоламан.

Жасурбек Жалолиддинов:

- Олимпия ўйинлари йўлланмаси ва финалга чиққанимиз билан бутун халқимизни табриклайман. Эртанги ўйинга ҳам муносиб тайёргарлик кўриб, яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

2022 йилги Японияга қарши ўйин ҳақида

Аввалги мусобақадан яхши хотиралар бор. Чиройли ғалаба билан финал йўлланмасини қўлга киритган эдик. Лекин рақибимизга ҳурмат билан ёндашамиз ва эртанги ўйинга тайёргарлик кўришда давом этамиз, - дея футболчининг сўзларини келтирган ЎФА матбуот хизмати.

Маълумот учун, Осиё кубоги U23 финали доирасидаги Ўзбекистон – Япония учрашуви 3 май куни соат 20:30да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев ва Ҳожимат Эркинов клублари ихтиёрига қайтишди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар