01.05.2024 22:35
7586
Теглар
«Ўзбеклар билан эмас, ҳакамларга қарши ўйнадик». Индонезиялик мухлислар яримфиналдаги мағлубиятда VARни айбламоқда 

Осиё кубоги U23 яримфинали доирасидаги Ўзбекистон – Индонезия (2:0) учрашувидан кейин индонезияликлар мағлубиятда учрашув ҳакамларини айблаб, ижтимоий тармоқларда уларни «нишон»га олишда давом этмоқда. 

Қатардаги баҳсда Ўзбекистон олимпия жамоаси Ҳусайн Норчаев ва рақиб ҳимоячиси Арҳаннинг автоголи эвазига ғалаба қозониб, финал билан бирга илк марта Олимпиадага ҳам йўлланма олди. Турнир дебютанти ва кашфиёти сифатида эътироф этилаётган Индонезия яримфиналда мағлубиятга учрагач, қарийб 280 миллион аҳолига эга мамлакат жамоасининг мухлислари ижтимоий тармоқларда учрашув реферилари – хитойлик бош ҳакам Шен Йин Ҳао ва VAR ҳаками таиландлик Сивакорн Па-Удомга «ҳужум»га ўтишди.  

Январда Индонезия миллий жамоаси ўз тарихида Осиё кубогида илк марта иштирок этиш билан бирга биринчи марта гуруҳ босқичидан плей-оффга йўлланма олиши мамлакатда шов-шувга айланган бўлса, Индонезия олимпия жамоасининг Осиё кубоги U23 баҳсларида илк марта яримфиналга қадар чиқиши мамлакатда футбол байрамига сабаб бўлди. Индонезиянинг 1-турда мезбон Қатарга мағлубиятидан (0:1) кейин мухлислар ҳакамликдан норози бўлишганди. Париж-2024 йўлланмаси тикилган Ўзбекистонга қарши баҳс эса деярли бутун мамлакатни экран олдида тўплаган, Доҳадаги стадионнинг 90 фоизи эса индонезиялик мухлислар билан тўлганди. Учрашувни Индонезия президенти Жоко Видодо ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борган. 

X’ («твиттер») тармоғида 43 мингдан ортиқ обуначиси бор United About саҳифасида Ўзбекистон турнирнинг фаворити экани тан олинган, аммо хитойлик ва таиландлик ҳакамнинг иши шубҳа остига олинган.  

Айниқса, Ҳусановнинг рақибдан тўпни олиб қўйган вазиятидаги қўполликда ҳакамнинг дастлаб жарима зарбаси белгилагани, сўнг пеналтини текшириш учун чақирилганида ҳаттоки жарима зарбасини бекор қилиши ФИФА қоидаларига зид экани айтилади. 

«VAR пеналтига аралашиши мумкин, аммо жарима зарбасини бекор қилиши – ФИФАнинг мавжуд қоидаларига зид», - дейилади хабарда. 

«Индонезия сардори Ризқи Ридҳо VAR текширувидан кейин қизил карточкага лойиқ кўрилди, аммо у рақиб футболчисини қасддан тепгани йўқ, тўпни узоқлаштирганидан кейинги зарба эди бу. Ридҳо оёғини олишга интилди. 

 Феррарининг голидан сўнг Индонезия ҳисобни очгач, VAR Санантанинг офсайдда эканини кўрсатди, аммо ўйиндан ташқари ҳолатидаги чизиқни чиқмади. Бу эса ҳакамлар қарорини шубҳа остига қўяди. Ўйин давомида ҳам ҳакам рақиб фойдасига жуда кўп марта адашди. 

Хитойлик Шен Йин Ҳао ва VAR ҳаками таиландлик Сивакорн Па-Удом биз индонезияликлар учун «бегона» эмас. Хитойлик рефери 2023 йил Индонезия - Камбожа ўйинида ҳам рақиб жамоа фойдасига қўпол хатоларга йўл қўйганди. 

Таиландлик VAR ҳаками эса Осиё кубоги U23 1-туридаги Қатар – Индонезия (1:0) ўйинида ҳам VARда ўтириб, бизга қарши қарорлар қабул қилинишига сабабчи бўлган эди. Бу сафар эса ўзбеклар эмас, ҳакамларга қарши ўйнадик», - дейилади индонезиялик мухлисларнинг ҳакамлардан норозилиги акс эттирилган мақолада. 

Шунингдек, олимпия жамоамиз дарвозабони Абдувоҳид Неъматовнинг дарвоза чизиғи олдидаги йиқилишини индонезияликлар симуляция сифатида баҳолаб, унинг ҳаракатини турли қоралаган ва бу турли мемларга сабаб бўлган. 

«Твиттер» ижтимоий тармоғида обуначилари сони 1 миллиондан ошиб кетган «Extra Time Indonesia» саҳифаси эса ўйиндан кейин индонезиялик мухлисларнинг ғазабланган ҳолда тасвирдаги ҳакамдан «ўч олишга» уринганини кўриш мумкин. 

Шунга ўхшаш бир қанча видеолар ижтимоий тармоқларда «вирус»дек тарқалмоқда. 

Маълумот учун, Индонезияда ҳали ҳам Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш имконияти мавжуд. Улар эртага, 2 май куни Ироққа қарши 3-ўрин учун баҳсда майдонга тушишади. Бронза медали соҳиби Париж-2024га тўғридан-тўғри йўлланмаган эга чиқади. Мағлуб жамоа эса Африканинг Гвинея жамоасига қарши плей-оффда майдонга тушиб, Олимпиадага бориши мумкин.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар