Осиё футбол конфедерацияси президенти шайх Салмон бин Халифа 2027 йилдан кейин ҳам ўз лавозимида қолиши мумкин.
Inside The Games хабарига кўра, Саудия Арабистони, Қатар, Ўзбекистон ва Ливан футбол федерациялари ОФК президенти лавозимига қўйилган муддат чекловини бекор қилиш ташаббуси билан чиққан.
«Футболиум» каналига кўра, агар ушбу мамлакат футбол ассоциацияларининг таклифи маъқулланса, ОФКнинг амалдаги президенти шайх Салмон бин Халифа ўз лавозимида 2027 йилдан кейин ҳам қолиши мумкин бўлади.
Маълумот ўрнида ФИФА, ОФК ва бошқа конфедерациялар низомлари бир шахсга кўпи билан тўрт йиллик муддатда уч марта президентлик қилиш ҳуқуқини беради.
Шайх Салмон илк бор 2013 йилнинг май ойида ОФК президенти этиб сайланган, бироқ унинг биринчи муддати атиги икки йил давом этган, сабаби у дисквалификация қилинган Муҳаммад бин Ҳаммамнинг ўрнини эгаллаганди. Шу боис президентлик муддатларини ҳисоблаш 2015 йилги сайловлардан бошланган ва 2019 ва 2023 йилларда ҳам давом этган.
Энди баҳрайнлик 58 ёшли амалдор камида 2031 йилгача ОФКни бошқариш учун барча имкониятга эга бўлиб турибди.