Ўзбекистон футзал миллий жамоаси сардори Дилшод Раҳматов Осиё кубогидаги иштирок ва келажакдаги режалар ҳақида фикр билдирди.
«Бу мен учун олтинчи Осиё кубоги бўлди. Аввалгиларидан фарқли равишда бирорта ўйинда мағлуб бўлмадик ва бронза медалларини қўлга киритдик. Ушбу медал мен учун олтинга тенг. Оддий гапдек туюлиши мумкин, аммо бунинг ортида катта меҳнат турибди. Янги мураббийимиз Хосе Венансио Лопес ёшларни ҳам таркибга жалб қилди. Уларнинг аксарияти илк бор Осиё кубогида иштирок этди. Ўз устимизда ишлашда давом этамиз. Ўйлайманки, биз тўғри йўлдамиз ва Жаҳон чемпионатига бундан ҳам кучли бўлиб қайтамиз.
Эрон билан ўйиндан сўнг учрашувга руҳан тайёр эмасдик. Концентрацияни йўқотдик ва Тожикистон арзимаган хатолардан фойдаланиб кетди. Осиё кубоги қитъада кучсиз жамоалар қолмаганини яққол кўрсатиб берди», - дея Раҳматовнинг сўзларини келтирган ЎФА матбуот хизмати.