Бугун, 29 апрел – ўзбек футболи ва спорти учун тарихий кунга айланиши мумкин. Осиё кубоги U23 яримфинали доирасида Ўзбекистон олимпия жамоаси Париж Олимпиадаси ва финал йўлланмаси учун Индонезияга қарши саф тортади. Темур Кападзе мураббийлигидаги жамоамизда ўзбек футболида тарих яратиб, олтин авлодга айланиш имконияти бор.
Яримфиналгача жамоалар қандай етиб келди?
Ўзбекистон олимпия жамоаси Осиё кубоги U23 турнири гуруҳ босқичини Малайзия устидан ғалаба билан бошлаган бўлса, кейинги икки турда Кувайт ва Ветнам йирик ҳисобларда мағлуб этилди. Бу эса Темур Кападзе шогирдларига гуруҳ босқичини энг яхши натижа – +10 голлар нисбати билан якунлаб, муддатдан аввал плей-оффга чиқишини таъминлади. Чоракфиналда эса Ўзбекистон 2022 йилги Осиё кубоги U23 финалида Саудия Арабистонидан учралган аламли мағлубият учун реванш олди ва яримфиналга чиқди.
Турнир кашфиётига айланган Индонезия эса Қатардаги мусобақани мезбонлардан учралган мағлубият билан бошлаган эди. Қолган икки турда Австралия ва Иордания устидан эришган кутилмаган ғалабалар эса индонезияликларга чоракфинал йўлланмасини тақдим этди. Яримфинал учун курашда эса бу рақиб жамоа навбатдаги сенсацияга қўл урди – Жанубий Корея пеналтилар сериясида мағлуб этилди. Шу тариқа, Индонезия ўз тарихида дебют Осиё кубогида кореялик мутахассис Син Тхэ Ён бошқарувида яримфиналга чиқди. Бу натижа аҳолиси 275 миллион кишидан кўпроқ бўлган Индонезияда футбол байрамига айланиб кетди. Бу мамлакатда ҳам Ўзбекистонга қарши учрашув катта қизиқиш билан кутилмоқда.
Ўзбекистон U23 натижалари:
1-тур. Ўзбекистон – Малайзия – 2:0
2-тур. Ўзбекистон – Кувайт – 5:0
3-тур. Ўзбекистон – Ветнам – 3:0
Чоракфинал. Ўзбекистон – Саудия Арабистони – 2:0
Индонезия U23 натижалари:
1-тур. Индонезия – Қатар – 0:2
2-тур. Индонезия – Австралия – 1:0
3-тур. Индонезия – Иордания – 4:1
Чоракфинал. Индонезия – Жанубий Корея – 2:2 (пенальти – 11:10)
Ўзаро ўйинларда устунлик
Темур Кападзе бошчилигидаги олимпиячиларимиз Индонезия билан сўнгги ва ягона марта бир йил аввал – 2023 йилнинг 28 сентябр куни Осиё Ўйинлари 1/8 финалида ўзаро рўбарў келишганди. Ўшанда Шерзод Эсановнинг қўшимча бўлимларнинг 92 ва 120+1-дақиқада киритган голи Ўзбекистон олимпия жамоасига чоракфинал йўлланмасини тақдим этганди.
Аввалги уринишлар
Ўзбекистон футбол бўйича ўз тарихида ҳали Олимпиадага чиқа олмаган. Олимпиячиларимиз 2012 йилда Вадим Абрамов бошқарувида Лондон Олимпиадасига йўлланма олишга жуда яқин келган, аммо БАА билан ўйиннинг биринчи бўлимида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонаётган вакилларимиз иккинчи бўлимда 3та тўп ўтказиб юбориб, Олимпиада йўлланмасини қўлдан бой берганди.
Шундан кейин, Осиё кубоги U23 турнирининг сўнгги учтасида Ўзбекистон икки марта финалга чиққан ва 2018 йил Равшан Ҳайдаров қўл остида чемпионликни қўлга киритган, 2022 йил эса Темур Кападзе мураббийлигидаги финалда Саудия Арабистонига мағлуб бўлиб, вице-чемпионга айланган бўлса-да, ўз тарихида ҳали Олимпиадага чиқмаган. Сабаби жамоамиз Олимпиада йўлланмасини бермайдиган йилларда турнирда муваффақиятли иштирок этган, Токио-2020 йўлланмаси тикилган турнирда эса Любинко Друлович мураббийлигида 3-ўрин учун баҳсда Австралияга ютқазган (0:1) эди.
Трансфер баҳоси: Аббосбек Файзуллаев бутун бошли Индонезия таркибидан қимматроқ
Ўзбекистон олимпия жамоаси бу йилги Осиё кубогининг энг қимматбаҳо жамоаси саналади – 17,35 миллион евро. Индонезия ёшлари эса 4,80 миллион евро нарх билан бу борада турнирда 6-ўринда қайд этилган.
Эътиборлиси, Transfermarkt порталига кўра, биргина Аббосбек Файзуллаевнинг трансфер баҳоси (5 млн евро) Индонезиянинг бутун бошли таркибидан (4,8 млн евро) қимматроқ саналади.
Ўзбекистон U23 жамоасининг энг қиммат 3 футболчиси:
1. Аббосбек Файзуллаев – 5 млн евро
2. Абдуқодир Ҳусанов – 2 млн евро
3. Ҳожимат Эркинов – 800 минг евро.
Индонезия U23 жамоасининг энг қиммат 3 футболчиси:
1. Ризқи Ридҳо – 5 млн евро
2. Натан – 350 минг евро
3. Ивар Женнер – 300 минг евро.
Анонс
Осиё кубоги U23. Яримфинал
29 апрел (душанба)
Ўзбекистон U23 – Индонезия U23
Стадион: Доҳа, «Abdulloh Bin Xalifa»
Учрашув бошланиш вақти: 19:00
ТВ-трансляция: Спорт.
Ўзбекистон олимпия жамоасининг Индонезияга қарши асосий таркиби: