27.04.2024 16:58
2614
Теглар
АПЛда чемпионлик ва ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш авжига чиқмоқда. Ҳафта ўйинлари анонси

Италия ва Германияда чемпион номи аниқ бўлди, Франция ва Испанияда ҳам бу яқин турларда ҳал бўлади. Аммо ушбу лигаларда ҳам камида Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш давом этмоқда. Англияда эса катта эҳтимол билан «Сити» ва «Арсенал», балки «Ливерпул» иштирокидаги сиртқи курашнинг гувоҳи бўламиз. Мана шу курашнинг илк томошаси шу турдан бошланади – даврага «Тоттенҳэм» қўшилмоқда. Жамоа қаторасига ҳар бир даъвогар билан ўйнаб чиқади. «Тоттенҳэм» соврин ютмаслиги мумкин, аммо катта эҳтимол билан чемпионни аниқлаб бериши мумкин. Қуйида ушбу ҳафтадаги асосий учрашувлар ҳақида батафсил тўхталганмиз.

АСТОН ВИЛЛА – ЧЕЛСИ (27 апрел, 23:55)

Биринчи даврада «Астон Вилла» Лондонда ғалаба қозонганида, бу бир сенсация сифатида баҳоланганди. Аммо кейин маълум бўлишича, бугунги ўйинда ҳам Эмери шогирдлари фаворит, зеро жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун «Тоттенҳэм» билан курашмоқда. Ҳозирги вазият тенглик, фақат тақвим эътибори билан «Астон Вилла»нинг имконияти юқорироқ баҳоланмоқда.

Тақвим осон дейиш мумкин, лекин агар рақибларга қаралса, «Челси»дан кейин «Брайтон»га сафар – биринчи ўйинда 6:1 ҳисобида бирминҳэмликлар ғалаба қозонганини эътиборга олсак, осон бўлмайди, кейин «Ливерпул»га қарши ўйин. Охирги турда «Кристал Пэлас» майдонига сафар. «Пэлас» охирги турларда анча кучли ўйин намойиш этаётгани, «Нюкасл» ва «Ливерпул» тиз чўктирилганини инобатга олсак, бу ўйин ҳам осон бўлмайди. Демак, «Вилла» қолган 4 турда очко олиши осон бўлмайди. «Тоттенҳэм»да эса «Бёрнли» ва «Шеффилд»га қарши ўйинлар бор. Эмери шогирдлари ўз ўрнини сақлаб қолиш учун «Челси»ни ютиши шарт. Акс ҳолда сўнгги турларда яна қўшимча босим ҳисобига янада қийинлашиб кетади. Шунингдек, «Тоттенҳэм»дан фарқли равишда «Астон Вилла»да бу тарздаги курашларда етарлича тажриба йўқлигини, бунинг устига, жамоа Конференциялар кубогида курашни давом эттираётганини ҳам инобатга олиш лозим.

Турнир қандай тугашидан қатъи назар, «Астон Вилла» учун мавсумни муваффақиятли якунланганини тан олиш керак. Қайси ўринни олса ҳам, Эмери учун бу натижа жуда яхши ҳисобланади. «Челси» учун эса аксинча, жамоа сарфланилган пул ва даража эътибори билан энг ёмон мавсумларидан бирига айланиб бўлди. Вазиятни қутқариб қолиш ва ҳеч бўлмаса, келаси мавсум учун умид тақдим этиш учун ҳам «Челси» сўнгги турларда бор имкониятини намойиш қилиши ва Европа Лигасига илиниш учун ҳаракат қилиши керак. Ўтган турда «Арсенал»дан қабул қилинган оғриқли (0:5) мағлубият учун ҳам «Челси» мухлисларидан қарздор.

Таркибларга эътибор қаратадиган бўлсак, аввалроқ, мавсум охиригача сафдан чиққан футболчилардан ташқари, Алекс Морено ва Рэмзиларда жароҳатлар бор. Улар яна камида бир ҳафта шерикларига ёрдам бера олишмайди. Шунингдек, Николо Дзаньолонинг ҳам жароҳати қай даражада жиддий экани маълум эмас. Меҳмонларнинг эса йўқотишларига ўрганиб қолганмиз. Янгиликлардан, сўнгги ўйинларда анча яхши таассурот қолдирилган Мало Густода кичик жароҳат бор ва ушбу учрашувга тайёр бўлиши шубҳа остида. Энцо Фернандес эса операция столига ётди ва у мавсум охиригача майдонга туша олмайди. Футболчи Копа Америкагача формага қайтиш учун шу қарорга келди. Агар мавсум тугашини кутганида, миллий жамоа ўйинларига тайёр бўлолмаслиги мумкин эди.

АТЛЕТИКО – АТЛЕТИК (27 апрел, 23:55)

Ўтган ҳафта Эл Класикода Испания чемпионлиги масаласи деярли ҳал бўлди. Кеча «Реал» Сан-Себастянда ўз «адаши» устидан ғалаба қозониб, кейинги турларда ҳам жамоанинг очко йўқотишидан умид қилинмаслигини ҳам кўрсатиб қўйди. Бошқа бир «адаш»лар ўртасидаги навбатдаги учрашув эса Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун очиқ курашни ифодалайди.

Чемпионлар Лигасига кўпроқ эътибор қаратиши натижасида «Атлетико» кўп очколар йўқотди ва бундан билбаоликлар ўринли фойдаланиб, 4-ўринга жойлашиб олганди. Аммо энг масъулиятли паллада Валверде шогирдларида муаммолар пайдо бўла бошлади. Балки Испания кубоги финалидаги ғалаба кейинги ўйинларга салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин, масалан. «Реал»дан Мадриддаги мағлубият тушунарли, аммо сўнгги икки турда ўз майдонида «Вильяреал» ва «Гранада» билан дуранглар «Атлетик»нинг турнир амбицияларига зарба берди.

Хуллас, айни пайтда «Атлетико»да 61, «Атлетик»да эса 58 очко бор. Мос равишда тўртинчи ва бешинчи ўринларни эгаллаб туришибди. Демак бу ўйиндаги ғалаба мезбонларни 6 очколик фарқ билан 4-ўринга мустаҳкам жойлаштиради ва қолган 5 турда ҳеч нарса ўзгармаслиги эҳтимоли юқори. Демак айниқса, меҳмонлар учун бу тўқнашув ҳал қилувчи мақомда – имкон қадар мағлубиятга учрамаслик, иложи бўлса, ғалаба қозониб, тенглашиб олиши талаб этилади. Ғалаба «Атлетик»ни 4-ўринга олиб чиқади, зеро ўзаро учрашувлардаги устунлик айнан басклар тарафида (биринчи даврадаги учрашувда билбаоликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган) бўлгани учун тенглик ҳам уларни қаноатлантиради. Кейинги турларда «Атлетик» асосан ўртамиёна рақибларга қарши майдонга тушишини эътиборга олсак, ғалаба жамоа учун катта аҳамият касб этади. Ўз навбатида «Атлетико»да ҳам кейинги турларда жиддий рақиблар йўқ. Ўзи умуман лигада чемпионлик масаласи ҳам, жадвалдаги пастки қисмда ҳам номзодлар деярли аниқ бўлгани туфайли, керакли очколарни қўлга киритиш имконият юқори. Шу эътибор билан ушбу учрашув Чемпионлар Лигаси йўлланмасини ҳам ҳал қилиши мумкинлигини яна бир бор эътироф этамиз.

Мадридликларга қарши керакли натижани қўлга киритиш тажрибаси бугунги «Атлетик»да йўқ эмас. Юқорида тилга олинган чемпионатдаги ғалабадан ташқари, Валверде жамоаси яна икки ўйинда ғалаба қозонди ва Қироллик кубогидан «Атлетико»ни чиқариб юборди. Умуман охирги уч ўзаро ўйинда «Атлетико» бирорта гол ҳам ура олмаяпти.

Томонларда йўқотишлар у қадар кўп эмас. Ҳар икки жамоада биттадан футболчи дисквалификация туфайли майдонга туша олишмайди. Мадридликлар сафида Стефан Савич, меҳмонлардан эса Оскар де Маркос охирги турда навбатдаги сариқ карточкани олишган. Шунингдек, Мемфис Депай жароҳатини тиклагани йўқ. «Атлетик» ҳимоячиси Юри Берчиче ҳам ўтган турда жароҳат олиб камида икки ҳафтага сафдан чиққан.

ТОТТЕНҲЭМ – АРСЕНАЛ (28 апрел, 18:00)

Юқорида батафсил тўхталинган сиртқи курашнинг давоми Шимолий Лондон дербисида бўлиб ўтади. Аммо ушбу ўйин афишаси Чемпионлар Лигаси йўлланмаси эмас, АПЛ ғолиблиги нуқтаи назаридан энг муҳим тўқнашувлардан бири саналади.

Бугунги кунга келиб, «Манчестер Сити»да 5, «Арсенал»да 4 ўйин қолган. Агар Пеп Гвардиола шогирдлари барча ўйинни ўз фойдасига ҳал қилса, расман чемпионга айланади. Бу ўйинлар ичида «Сити» учун қийин ўйинлар ҳам бор, масалан, Лондонда «Тоттенҳэм» ва «Фулҳэм»га қарши учрашувлар. Бу ўйинларда манчестерликлар қоқилиши мумкин, аммо бундан наф чиқариш учун «Арсенал» ўз ўйинларини ўз фойдасига ҳал қилиши керак. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумнинг шу вақтида ҳам «Арсенал» шу ҳолатда бўлган, аммо «Сити» ўз ўйинларини ўтказгунча, очколар йўқотиб, рақибга ҳаммасини осонлаштириб берганди. Кўринишича, бу йилги «Арсенал» ҳам барқарорлик, ҳам таркибнинг салоҳияти бўйича ҳам бошқача. Жамоа 2024 йилда фақат бир ўйинда, «Астон Вилла»га ютқазиб, ишончни оқлай олмади холос. Қолган барча учрашувларда Артета шогирдлари ишончли, кўп ҳолатларда йирик ғалабаларга эришиб келяпти. Охирги 4 турда «Арсенал»ни «Тоттенҳэм» билан дерби, ҳамда «Олд Траффорд»даги учрашув хақиқий синов сифатида кутиб турибди – агар жамоа шу ўйинларни ҳам ўз фойдасига ҳал қилолса, «Манчестер Сити» қоқилиши керак. Ахир ҳар доим ҳам Пепнинг омади келавермайди-ку, тўғрими?

Биринчи даврада жанговор дуранг қайд этилганди – 2:2. «Тоттенҳэм» майдонида кечган ўтган мавсум учрашувида эса меҳмонлар 2:0 ҳисобида устун келган. Умуман ўзаро ўтган охирги 30 учрашувни олсак, деярли тенгликни кўришимиз мумкин – «Арсенал» ҳисобида 12, «Тоттенҳэм»да эса 11 ғалаба мавжуд. Ўша юқорида айтилган 0:2 мағлубиятдан олдин «Тоттенҳэм» қаторасига 4 уй ўйинида «Арсенал»ни мағлуб эта олганди. Қўшимча статистик фактлар сифатида, «Арсенал»нинг бу мавсум меҳмондаги натижалар бўйича Англияда энг яхши кўрсаткичга эга экани, «Тоттенҳэм» эса мағлубиятларининг ярмига ўз майдонида учраганини таъкидлаш жоиз.

Жароҳатлар борасида, меҳмонларда йўқотишлар йўқ. Нафақат асосий таркиб, балким захирадан тушаётганлар ҳам жуда яхши формада ва натижага ўз улушини қўшишмоқда. Аслида «Тоттенҳэм» таркибида ҳам, гарчи расман бир нечта футболчи жароҳатланганлар рўйхатида бўлса-да, бу номлар асосий эмас. Аксарият учрашувларда «Тоттенҳэм» уларнинг ёрдамига таянмаган. Фақат италиялик ҳимоячи Удожининг йўқлигини билинса керак. Мавсум охиригача сафдан чиққан футболчи айниқса, катта ўйинларда энг яхшилардан бири бўлиб келаётганди.  

НАПОЛИ – РОМА (28 апрел, 21:00)

А Сериянинг бешинчи жамоаси ҳам Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишини ҳисобга олсак, ушбу ўйиннинг ҳам қадри анча ошиб кетади. «Рома» ҳозирда 58 очко билан 5-ўринни эгаллаб турибди. Аммо бир ўйин кам ўтказган «Аталанта» ҳисобида 54 очко бор. Демак бу ўйинда «Рома»нинг очко йўқотиши назарий жиҳатдан римликларни 6-ўринга тушириб юборади. Сўнгги турларнинг бирида «Рома» Бергамога меҳмон бўлишини ҳам инобатга олсак, 5-ўрин учун кураш ҳали зўр қизийди. Қизиғи, «Аталанта» ва «Рома» нафақат Италия чемпионати, балким Европа Лигаси орқали ҳам ушбу йўлланма учун курашиши кутилмоқда. Ҳар икки жамоа ушбу турнир яримфиналига чиқишган.

«Наполи» учун ҳам албатта, муҳим ўйин, зеро назарий томондан бу жамоа ҳам Чемпионлар Лигасидан умидини узгани йўқ. Ҳеч бўлмаса, Европа Лигасига ўтиш учун ҳам ҳозирда 49 очко билан 8-ўринни эгаллаб турган жамоа қолган ўйинларни муваффақиятли ўтказиши лозим. Биринчи даврадаги 2:0 ҳисобида «Рома» устун келганди. Неаполда кечган охирги беш ўйинда эса икки дуранг, уч ўйин мезбонларнинг ғалабаси билан тугаган.

Гол уриш бўйича жамоалар Италияда учинчи ва бешинчи ўринда, «Наполи» охирги 14 ўйинда дарвозасини дахлсиз сақлай олмаяпти, уй ўйинларида «Наполи»нинг ҳолати жуда ёмон, 16 ўйиндан атиги 6 тасида ғалаба қозонган – агар юқорида тилган олинган интригага бу фактларни ҳам қўшсак, бизни анча муросасиз ва голларга бой тўқнашув кутиб турибди.

Ромелу Лукаку охирги ўйин қайдномасида гол муаллифи сифатида кирган бўлса-да, аслида жароҳатланган. Гап шундаки, «Удинезе»га қарши ўйиннинг дастлабки 72 дақиқаси анча олдин ўйналган, Лукаку ўша куни гол урганди. Аслида белгиялик ҳужумчининг майдонда бўлиши ва Осимхен – Лукаку қарама қаршилигини кўриш ўйин даражасини янада ошириб юборарди. Биринчи даврадаги баҳсда Осимҳэн ҳакам томонидан майдондан чиқариб юборилган, Лукаку эса сўнгги дақиқаларда гол уриб ғалабани мустаҳкамлаганди.

Лукакудан ташқари «Рома» таркибида яна икки футболчи дисквалификация туфайли шерикларига ёрдам бера олишмайди. Диего Лиоренте ва Леандро Паредес «Болоня»га қарши учрашувда сариқ карточка олишгани.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

27 апрел. Вест Ҳэм – ЛИВЕРПУЛ (16:30), Лас Палмас – ЖИРОНА (17:00), БАВАРИЯ – Айнтрахт (18:30), ЛЕЙПЦИГ – БОРУССИЯ Д (18:30), МЮ – Бёрнли (19:00), НЮКАСЛ – Шеффилд Юнайтед (19:00), ЮВЕНТУС – МИЛАН (21:00), БАЙЕР – ШТУТГАРТ (21:30), ПСЖ – Гавр (23:55)

28 апрел. ИНТЕР – Торино (15:30), Ноттингем – МАНЧЕСТЕР СИТИ (20:30), АТАЛАНТА – Эмполи (21:00)

29 апрел. БАРСЕЛОНА – Валенсия (23:55) 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар