Хави «Барселона» бош мураббийи сифатидаги ишини давом эттиришга қарор қилганини расман маълум қилди.
Клуб президенти Жоан Лапорта ва Хави иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида испаниялик мураббий жамоада қолишига нималар туртки бўлганини айтиб ўтди.
«Клубда бошлаган лойиҳамиз давом этади. Фикримча, бу клуб учун ҳам яхши қарор. «Барса»нинг ашаддий мухлисиман. Клубда раҳбарият, директорлар кенгашининг ўзимга нисбатан юқори ишончини ҳис қилдим. Футболчиларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим рол ўйнади. Мухлисларга ҳам менга бўлган ишонч ва меҳр учун катта раҳмат.
Бу клуб учун қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёрлигимни барча билади. Клуб президенти билан суҳбатда ўз фикрларимни билдирдим. Нима қилсак, энг аввало клуб учун яхши бўлиши ҳақида кўп ўйлайман.
Январда жамоадан кетишимни эълон қилганим сабаби, ўшанда мавсум якунида клубни тарк этиш – мен учун энг тўғри қарордек кўринганди. Ҳозир эса вазиятга бошқачароқ қараяпман.
Барчадан миннатдорман ва фикримча, мен энди энг яхши қарорни қабул қилдим», - дейди Хави матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, Хави 28 январ куни «Вилярреал»дан учралган мағлубиятдан (3:5) кейин мавсум якунида жамоани тарк этишини эълон қилганди. Шундан сўнг мураббий бу фикридан қайтмаслигини бир неча марта такрорлаганди.
Маълумот учун, «Барса» ўтган ҳафтада ЕЧЛ чоракфиналида турнирдаги иштирокини тўхтатган бўлса, Ла Лигада 70 очко билан пешқадам «Реал»дан 11 очко ортда қолмоқда.