24.04.2024 09:22
3921
«Қолган уч ўйинда ҳам тўп ўтказмасдан чемпион бўлмоқчимиз» — Кападзе ва Одилов Ветнам билан баҳсдан сўнг

Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Осиё Кубоги U-23 3-туридан ўрин олган Ветнамга (3:0) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Авваламбор, халқимизни ғалаба билан табриклайман. Бу ўйинга ҳам етарлича тайёргарлик олиб бордик. Муҳими, жароҳатлар йўқ. Энди кейинги босқич ҳақида ўйлашимиз керак. Тайёргарликни бугундан бошлаймиз. 

Гуруҳ босқичида тўп ўтказиб юборилмагани? Албатта, бундан хурсандмиз. Бу — жамоавий меҳнат. Кейинги баҳсларда ҳам тўп ўтказмасликка ҳаракат қиламиз. 

Саудия Арабистонига қарши чоракфинал? 2 йил олдинги Саудия билан ҳозирги жамоанинг фарқи бор, бизда ҳам шундай. Ўйлашимча, бу вақт оралиғида ўсишга эриша олдик. Улар билан Осиё ўйинларида ҳам тўқнаш келдик. Яхши жамоа, бироқ бизнинг ҳам ўз мақсадимиз бор ва бу йўлда меҳнат қилишда давом этамиз. 

Уч ўйин ҳам ўзига яраша қийин бўлди. Плей-оффда кучсиз рақиб бўлмайди. Бироқ айтганимдек, ўз режамиз бўйича давом этамиз. Бизда тайёргарлик учун икки кун вақт бор. Футболчиларимга ишонаман. 

Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш йўлида «Олимпик» ташкил этилди. Жамоа йиғилаётганда асосан ўз клубларида захирада қолиб кетаётган футболчилар жалб этилди. Уларга кўпроқ ўйин амалиёти бериб, янги даражага олиб чиқишга эришдик. Уларда ўзларига нисбатан ишонч пайдо бўлди. Тайёргарлик узоқ давом этди. Кўплаб футболчиларни синовдан ўтказа олдик. Таркибимизда тенг кучга эга футболчилар йиғилди», — дейди Кападзе. 

Беллашувда дублга эришиб, энг яхши ўйинчи деб топилган Алишер Одилов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Бизни қўллаб-қувватлаган барча юртдошларимизга раҳмат. Ғалаба билан табриклайман. Энди бор эътиборимизми кейинги ўйинга қаратамиз. 

Тўп ўтказмаганимиз? Мураббийимиз таъкидлаганидек, бу жуда ҳам муҳим ва биз мусобақанинг қолган уч ўйинида ҳам тўп ўтказмасдан чемпион бўлмоқчимиз», — дейди ҳужумчи.

1/4 финал доирасидаги Ўзбекистон — Саудия Арабистони ўйини 26 апрел куни бўлиб ўтади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар