Бернарду Силва «Барселона»га ўтмоқчи.
Каталония клуби бир йил олдин ҳам ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган «Манчестер Сити» яримҳимоячисига қизиқиш билдирмоқда. Diario Sport хабарига кўра, «кўк-анорранглилар» бош мураббийи Хави ўз лавозимида қолса, Бернардуни жамоада кўрмоқчи.
29 ёшли футболчининг ўзи ҳам ўтган йили Хавига Испанияда ўйнаш истаги борлигини айтган ва шундан бери фикридан қайтмаган. Унинг оиласи муҳитни ўзгартиришни хоҳлайди ва Силва сўнгги ойларда Барселонага бир неча бор ташриф буюрди. У Каталония клубига қўшилишни «телбаларча» истамоқда.
«Манчестер Сити»да яримҳимоячининг клубни тарк этиш истаги ҳақида анчадан бери билишади ва агар муносиб таклиф тушса, клуб уни қўйиб юборишга тайёр. Силванинг шартномасида товон пули 50 млн фунтни ташкил қилади.
Аввалроқ португалиялик ўйинчига «ПСЖ» ҳам қизиқиш билдирганди, аммо парижликлар футболчи учун «Барса» билан жиддий кураш олиб боришлари даргумон — уларда бошқа трансфер мақсадлари бор.
Бернардунинг трансфери бўйича келишув «Барса»даги молиявий аҳволга боғлиқ бўлади. Трансфер нархидан ташқари, клуб яримҳимоячи билан унинг маоши миқдорини келишиб олиши керак — «Сити»да у йилига 10 млн еврога яқин маош олади.
Премер-лиганинг ушбу мавсумида Силва 27 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол ва 4 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.