23.04.2024 12:23
2983
Теглар
Хосе Венансио Лопес — Ветнамга қарши ўйин, жароҳатлар ва рақибнинг услуби ҳақида

Ўзбекистон футзал миллий жамоаси бош мураббийи Хосе Венансио Лопес Осиё Кубоги чоракфинали доирасидаги Ветнамга қарши баҳс олдидан матбуот анжуманида иштирок этди

«Осиё Кубоги энг қизғин паллага кириб бормоқда. Ҳозирда Осиё жамоалари жуда кучайган ва тенг даражада, деб ўйлайман. Гуруҳдаги барча баҳсда ғалаба қозонганимизга қарамасдан, қийин ўйинлар ўтказдик, бироқ вазиятлардан чиқиб кета олдик. Ветнамнинг чоракфиналга йўл олганиёқ уларнинг яхши жамоа эканини кўрсатади. Ғалаба қозонишимизга ишончим комил, лекин бу босқичда оддий ўйинлар бўлмайди.

Рақибнинг ўйинларини таҳлил қилиб шуни айтишим мумкинки, Ветнам жуда тезкор, уларда рақобатбардош жамоа шаклланган. Чунки жамоа мураббийи Диего кучли мутахассис. У ўз маҳоратини ва нима истаётганини шогирдларига тез ҳамда аниқ тарзда тушунтириб бера олади. Улар турли ҳолатларда қандай ўйнаш кераклигини билишади, шунингдек, вазиятга қараб тактикани ўзгартира олишади. Бунинг учун жамоа мураббийига раҳмат айтмоқчиман. Яримфиналга чиқишимиз учун учрашувни тўлиқ назорат қилишимиз талаб этилади.

Жароҳатлар? Баъзи футзалчиларимиз турнирдан аввал жароҳат олишди. Бироқ бу баҳона бўла олмайди. Биз барча ўйинчиларимиз хизматидан фойдаланамиз. Энг муҳими — жароҳатлар ва турли муаммоларга қарамасдан, ғалаба қозониш ҳамда кейинги босқичга чиқиш.

Жамоамга тўлиқ ишонаман. Биз учрашувга жуда яхши тайёргарлик кўрдик, ўйинга руҳан ва жисмонан тайёрмиз», — дейди испаниялик мутахассис. 

Ўзбекистон — Ветнам ўйини эртага, 24 апрел куни Тошкент вақти билан 19:00да бўлиб ўтади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар