«Каляри» бош мураббийи Клаудио Раниери «Ювентус» (2:2) билан дуранг натижадан кейин фикрлари билан ўртоқлашди.
«Ювентус» билан ўйин 2:0дан кейин тугамайди, сонияларгача эътиборни йўқотмаслик шарт. Афсуски, бугун иккита тўп ўтказиб юбордик, аслида бунга имкон бермаслик мумкин эди. Дастлаб улар жарима зарбасидан ҳисобни қисқартиришди, аммо ўша вазиятда ўйин қоидаси бузилмаганди. Иккинчи голда эса тўп йўқотилгандан сўнг автогол билан ҳисоб тенглашди. Бу вазиятда ҳам яхшироқ ҳаракат қилиш мумкин эди. Ғалабани бугунгидек қўлдан чиқариш жуда аламли.
Бу ҳали якун эмас, биз кейинги турларда курашишимиз шарт. Аслида кимдир сўнгги уч турда 5 очко оласиз дейишса, бундан фақат хурсанд бўлардим. Шу боис, ўзимизга бўлган ишончни йўқотмай, давом этамиз.
Биз мавсумни яхши ўтказмадик, фақатгина сўнгги бир ярим ойда яна оёққа турдик, қайта тиклана олдик. Энди эса бутун Сардиния учун ҳам ишимизни мавсум якунигача чиройли тугатишимиз керак», - дейди Раниери.
Маълумот учун, Раниери шогирдлари 32 очко билан турнир жадвалида 14-ўринда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов жароҳатидан тикланиб, 1,5 ой олдин жамоаси сафига қайтганди.