Келаси мавсумда Чемпионлар Лигасида А Сериянинг 5 та клуби иштирок этади.
Мусобақанинг янги форматида ҳозиргидек 32 эмас, 36 та жамоа иштирок этиши назарда тутилган. Қўшимча 4 та квотадан 2 таси УЕФА коэффициентлар жадвалида клублари энг яхши натижа кўрсатган лигалар ўртасида тақсимланади.
«Рома» ва «Аталанта» Европа Лигаси яримфиналига, «Фиорентина» эса Конференциялар Лигаси яримфиналига йўл олди. Натижада Италия федерацияси биринчи бўлиб Чемпионлар Лигасида қўшимча ўринни қўлга киритди. Иккинчи йўлланма учун Германия ва Англия клублари кураш олиб боришади.
Шу билан бирга Италиядан 6 клуб ЕЧЛда қатнашиши мумкинлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Бунинг учун италияликлар Европа Лигасида ғалаба қозонишлари, ғолиб эса мавсумни А Серияда топ-4дан пастда якунлаши керак. Айни пайтда Италия чемпионатида бешинчи ва олтинчи ўринларни эгаллаб турган «Рома» ва «Аталанта» бунга эришиши мумкин.