Илкай Гундўған «ПСЖ»дан учралган мағлубиятдан сўнг айтган гаплари борасида Роналд Араухога тушунтириш беради.
Эслатиб ўтамиз, «Барселона» Чемпионлар Лигаси 1/4 финали жавоб ўйинида Париж клубига имкониятни бой бериб (1:4, умумий — 4:6) турнирдан чиқиб кетди. Беллашувнинг 29-дақиқасида каталонияликлар ҳимоячиси Араухо бирга-бир вазиятга чиқиб кетаётган рақиб ҳужумчиси Брэдли Барколяни тўхтатиб қолгани учун четлатилди. Ўша пайтда «Барса» 1:0 ҳисобида олдинда эди ва камчиликда қолгач, 4 бор тўп ўтказиб юборди.
Ўйиндан сўнг «кўк-анорранглилар» яримҳимоячиси Гундўған шундай деди: «Мен бирга-бир вазиятларга чиқиб кетаётган рақибга тегмасликни, камчиликда ўйнагандан кўра ҳатто тўп ўтказиб юборишни афзал кўраман. Стартдаги қизил карточка ўйинни ўлдиради».
Mundo Deportivo хабарига кўра, Илкай ўз интервюсида «ҳеч кимни хафа қилишни ёки айблашни истамаган». Класикодан кейинги гаплари («Мен «Барса»га катта ўйинларда ютқазиш учун келмаганман») каби у номларни айтмасдан йўл қўйилган хатоларни таъкидламоқчи бўлди.
Германиялик яримҳимоячи Араухо билан гаплашишга ва тушунмовчилик бўлса, уни бартараф этишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, имконият берилса, Гундўған ОАВ орқали ҳам тушунтириш беради.