«Рома» бош мураббийи Даниэле де Росси Европа Лигаси 1/4 финалида «Милан» (2:1, биринчи ўйин — 1:0) устидан қозонилган ғалабадан сўнг ўз фикрларини билдирди.
«Милан»ни мағлуб этиш учун бехато ўйнашимиз керак эди. Бизга жасорат керак эди. Чунки 10 киши бўлиб қолганимизда шиддат билан, аммо ақлли ва тактик ўйнашимиз керак эди. Фақат югуришнинг ўзи етарли эмас.
Мен шундай жамоа мураббийи эканлигимдан чинакамига фахрланаман. Осон бўлмади, чунки «Милан» — жуда яхши футбол ўйнайдиган жамоа. Кеча биз ҳатто «Реал» ҳам ҳимояга ўтганини кўрдик. Биз ҳам вақти келганида шундай қилдик.
Тўғрисини айтсам, менимча, тенг ўйин бўлди. Биринчи ўйинда сўнгги 15 дақиқани айтмаса, босим остида бўлмагандик. Иккинчи баҳсда эса камчиликда қолдик.
Балки қайсидир жиҳатда улардан устун эканлигимизни ҳис қилдик, аммо «Милан» икки ўйин давомида ёмон ўйнади деб бўлмайди. Сўнгги йилларда улар бизни деярли доим мағлуб этганини ҳисобга олиб, ғалаба қозонишимизни кутганлар кам эди. Шунинг учун улар билан тенг ўйнаганимизнинг ўзи ҳам ютуқ», — дея де Россининг сўзларини келтиради Football Italia.