Бразилиялик машҳур футболчи Ромарио 15 йиллик танаффусдан кейин футболчилик фаолиятини тиклаганини эълон қилди.
Globo Esporte хабарига кўра, Бразилия миллий жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлган «Барселона» собиқ ўйинчиси «Америка» клубининг мавсум учун қайдномасига киритилди.
Ромарионинг ўзи Рио-де-Жанейро штатининг иккинчи лигасида иштирок этадиган ушбу клуб президенти ҳам саналади. Футболчи сифатида имзоланган шартномага кўра, Ромарио энг кам иш ҳақи миқдорида маош олади ва ушбу маблағни хайрия сифатида клубга қайтаради.
«Севимли «Америка» жамоамизга майдонда имконқадар ёрдам беришга тайёрман. Шу билан бирга футболдаги яна бир орзум – ўғлим билан катта футболда бирга тўп суришни истадим. Мени қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат!», - дея ёзади 58 ёшли Ромарио «твиттер»даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Ромарио 2009 йил «Америка» сафида футболчилик фаолиятини якунлаганди.