Луис Алберто «Лацио» билан шартномасини бекор қилмоқчи эканлигини маълум қилди.
Ўтган йил октябр ойида 31 ёшли футболчи клуб билан шартномасини 2028 йилгача узайтирганди. Луис римликлар сафида 2016 йилдан бери — 8 мавсумдан буён тўп тепмоқда.
Жума куни «Лацио» А Сериянинг 32-турида «Салернитана»ни мағлуб этди (4:1).Ўйиндан сўнг испаниялик яримҳимоячи жамоани тарк этиш истагини билдирди.
«Кейинги йил мен бу ерда бўлмайман. Клубдан шартномамни бекор қилишни сўраганман, кейинги 4 йил давомида «Лацио»дан бир евро ҳам олишни истамайман. Кетиш вақти келди.
Мен кейинги мавсумда бу лойиҳанинг бир қисми бўлмайман, клуб билан аллақачон гаплашганман. Менга сарфланадиган пулни бошқа футболчилар учун қолдирмоқчиман.
«Салернитана»ни мағлуб этишимиз керак эди, бизга 3 очко зарур эди. Бу ҳеч нарсани ўзгартирмади, аммо қолган ўйинларда ҳам қўлимиздан келганича ҳаракат қилишда давом этишимиз керак.
Мухлисларнинг ҳуштакбозлиги? Майли, бу футбол. Чемпионат яхши кетмаяпти, дербида ҳам мағлуб бўлдик. Мухлислар ҳуштак чалишга ҳақли. Умид қиламанки, сўнгги ўйинлардан завқ оламан, кейин кўрамиз. Айниқса, кубок ўйини олдидан бошимизни кўтаришимиз керак», — деди Алберто.
6 апрел куни «Лацио» Рим дербисида «Рома»га минимал ҳисобда мағлуб бўлди. 23 апрелда эса Италия Кубоги яримфиналида «Ювентус»га қарши баҳс олиб боради.
«Лацио» 49 очко билан А Серия турнир жадвалида 7-ўринда бормоқда. Чемпионлар Лигасида римликлар 1/8 финалда «Бавария»га умумий 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди.