13.04.2024 11:43
4230
Германияда янги чемпион кутилмоқда, «Арсенал» реванш илинжида, Ла Лигада ҳам муҳим баҳслар. Ҳафта ўйинлари анонси

Еврокубоклардаги чоракфиналнинг илк ўйинлари якунига етар-етмас миллий чемпионатларда навбатдаги тур ўйинлари бошланиб кетди. Англияда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашга таъсир қиладиган ўйинлар бўлиб ўтса, Германияда расман янги чемпион номи эълон қилиниши мумкин. Ростан ҳам яп-янги.

НЮКАСЛ – ТОТТЕНҲЭМ (13 апрел, 16:30)

Ўтган ҳафтадаги еврокубоклар Англиядаги Чемпионлар Лигаси йўлланмаси курашини қизитиб юбориши мумкин. Беш инглиз жамоасидан фақат «Астон Вилла»нинг ғалаба қозониши, Европа Лигаси фаворити ҳисобланган «Ливерпул»нинг кутилмаган мағлубияти туфайли еврокубоклар рейтингида Англия Италия ва Германиядан ортда бормоқда. Бу дегани, агар шу нисбат сақланиб қолинадиган бўлса, келаси мавсум ЕЧЛда Англиядан беш эмас, тўрт жамоа иштирок этади. Табиийки, бу хавф кучли тўртлик учун курашга таъсир ўтказади, «Астон Вилла» ва «Тоттенҳэм» ҳозирда бир хил очко тўплаб (лондонликларда бир ўйин кам) 4-5 ўринларда боришмоқда.

Бу курашнинг яна бир қизиқ томони, ҳар икки жамоа ҳам чемпионлик пойгасида иштирок этаётган жамоаларга қарши ҳам майдонга тушади. Айниқса, «Тоттенҳэм»нинг ҳолатига хавас қилиб бўлмайди – «Нюкасл» майдонидаги қийин ўйин ўтгач, жамоа қаторасига «Ливерпул», «Арсенал» ва «Манчестер Сити» билан ўйнашига тўғри келади. Бу орада «Челси» билан ҳам Лондон дербиси борлигини ҳам унутмаслик лозим. Хуллас, «Тоттенҳэм» учун энг оғир палла бошланмоқда.

«Нюкасл» асосан жароҳатлар туфайли мавсумни бир текисда ўтказа олмади, жуда беқарор натижалар қайд этди, аммо алоҳида учрашувларда жамоа ҳали ҳам хавфли экани, Эдди Ҳау шогирдлари ҳали еврокубоклардан кўнгилни узмагани бу учрашувдаги интригани янада ошириши шубҳасиз. Бунинг устига биринчи даврадаги тўқнашув йирик ҳисобда (4:1) мезбонлар фойдасига ҳал бўлган. «Нюкасл» ўша мағлубиятнинг аламини олишга уриниб кўради. Худди шу стадиондаги ўтган мавсум учрашуви ҳам эсингизда бўлса керак – ўшанда «Нюкасл» рақибини 6:1 ҳисобида тор-мор этганди. Рақиблар шу даражада бир бирига моски, ҳар қандай натижани кутиш мумкин. Мезбонларда жароҳатлар гирдоби давом этмоқда, мавсум якунигача тугамаса ҳам керак. Ботман нафақат келаси мавсум, ҳатто ушбу йилда ҳам сафга қайта олмайди. Ласселс ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Триппиер, Алмирон, Поуп, Жоэлинтон, Уилсон каби асосий таркиб футболчилари ҳам апрел ойида майдонга туша олмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Шунингдек, Жо Уиллокнинг ҳам жисмоний ҳолати сўроқ остида. Меҳмонлар сафида эса асосий футболчилардан фақат Ришарлисоннинг йўқлигини билиниши мумкин. Сессенион, Соломон каби футболчиларни эса «Тоттенҳэм» сафида кўрмаганимизга шундоқ ҳам анча вақт бўлди. 

АТЛЕТИКО – ЖИРОНА (13 апрел, 17:00)

Маълум вақт «Реал» билан ҳатто пешқадамлик учун курашган «Жирона»нинг омаддан олган қарзи якунига етган кўринади. Тўғри, жамоа ўтган турда охирги дақиқалардаги гол эвазига ғалаба қозонди, ҳозирча кучли тўртликдан мустаҳкам ўрин эгаллаган ҳам. Аммо сафар ўйинларида «Жирона»нинг натижалари сезиларли ёмонлашган – каталонияликлар охирги тўрт сафар ўйинида мағлубиятга учради, меҳмондаги охирги икки баҳсда ҳатто гол ҳам ура олмади. Қизиғи, аввалги 11 ўйинда жамоа бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаганди. Ҳозирда «Атлетико» билан орадаги фарқ 7 очкони ташкил қилган. Демак Симеоне шогирдлари ғалаба қозонишса, «Жирона»га анча яқинлашиб олишади.

Бошқа тарафдан, «Атлетико»ни келаси ҳафтада Дортмундда муҳим ўйин кутиб турганини ҳам унутмаслик керак. Эсингизда бўлса, «Интер»га қарши нимчоракфинал олдидан Симеоне таркибда ротацияга йўл қўйиб, бутун эътиборини Чемпионлар Лигасига қаратган ва мағлубиятга учраганди. Ҳозир вазият янада қалтис, 5-ўриндаги «Атлетик» «Атлетико»ни қувиб келяпти. Мабодо мадридликлар бу сафар ҳам ғалаба қозона олмаса, кучли тўртликни тарк этиши мумкин. Хуллас, ҳар томонлама қизиқарли ва муросасиз баҳс бўлиши керак.

Биринчи даврадаги ўзаро ўйин ҳам бундай хулосага далолат қилади. Ўшанда «Жирона» ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Иван Мартиннинг голи эвазига 4:3 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу «Жирона»нинг Симеоне шогирдлари устидан қозонган илк ғалабаси эди. Бунгача ўтган 8 учрашувнинг учтасида мадридликлар ғалаба қозонган, 5 ўйин дуранг билан якунланганди. Жумладан айнан «Метрополитано»дан «Жирона» икки марта очко олиб кетишнинг уддасидан чиққан.

Жароҳатларга келсак, аввал маълум бўлган Депай ва Витолодан ташқари, мезбонлар таркибида Эрмосонинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида. Шунингдек, Пабло Барриос сариқ карточкалари кўпайиб кетгани боис дисквалификацияга учраган. Меҳмонлар сафида худди шундай дисквалификацияга учраган футболчи – ўша, ўтган ўйиндаги ҳал қилувчи гол муаллифи Иван Мартин. Бундан ташқари, Артеро ва Циганковларнинг майдонга тушиши аниқ эмас.

БАЙЕР – ВЕРДЕР (14 апрел, 20:30)

Кучли бешлик ичида чемпион номини аниқлаш бўйича Бундеслига доим илдам ҳаракат қилишига ўрганиб қолганмиз. Аммо одатда, «Бавария» рақибларидан анча ўзиб кетар ва Чемпионлар Лигасидаги муҳим ўйинлари олдидан барчасини ҳал қилиб қўярди. Аммо агар қайсидир жамоа мюнхенликларга қаршилик ўлароқ зўр мавсум ўтказиб юборса, сўнгги турларгача интрига сақланиб турарди. Худди ўтган йилги каби. Бу сафар вазият бироз бошқача – бу турда чемпион номи аниқ бўлиши мумкин, аммо бу «Бавария» эмас.

«Байер» — Европа миқёсида ҳам таниқли клуб, ўз вақтида «Реал» билан Чемпионлар Лигаси финалида ҳам ўйнаган. Аммо балки кўпчилик учун кутилмаган факт – леверкузенликлар ҳеч қачон Германия чемпиони бўлишмаган. 120 йиллик тарихи давомида «Байер» атиги бир марта Германия кубогини, шунингдек, 1987/88 йилги мавсумда УЕФА кубогини қўлга киритган. Беш марта, у ҳам бўлса, сўнгги 25 йилда Бундеслигада 2-ўринни олишга муваффақ бўлган. Демак, бизни якшанба оқшомида тарихий воқеа кутиб турган бўлиши мумкин – «Байер» ўз тарихида биринчи марта расман мамлакат чемпионига айланади. Бунинг учун «Вердер» устидан ғалаба қозониш кифоя. Албатта, бир кун олдин «Бавария» мағлубиятга учраши ва «Байер» ҳатто ўйинни бошламай ҳам чемпионга айланиб олиши мумкин. Аммо албатта, энг чиройлиси, ҳали бирор мусобақада, бирор марта мағлубият нималигини билмай мавсум ўтказаётган ягона жамоа бўлмиш «Байер» ўз услубида бу учрaшувни ҳам ғалаба билан тугатиши бўлади.

Алонсо шогирдлари Европа Лигасида ҳам яримфиналга чиқиш учун яхши имкониятга («Вест Ҳэм» биринчи ўйинда 2:0 ҳисобида мағлуб этилди) эга бўлиб тургани, мавсум сўнгида эса, мамлакат кубоги учун «Кайзерлаутерн» билан финал борлигини инобатга олсак, «Байер» требл қилиши ҳам мумкин.

«Вердер» ҳақида ёзишга ҳожат йўқ. Бу ҳафта «Байер»нинг рақиби ким бўлишидан қатъи назар анонсда ўша ўйин тилга олинган бўларди.

АРСЕНАЛ – АСТОН ВИЛЛА (14 апрел, 20:30)

Чемпионлик учун курашаётган уч жамоанинг тақвими таҳлил қилинганда аксарият мутахассислар «Арсенал»нинг рақиблари бироз қийинроқ эканини айтиб келишмоқда. Лондонликларни «Олд Траффорд»га сафар, «Челси» ва «Тоттенҳэм» билан дербилар кутиб турибди. Аммо бошқа томондан, спорт формаси ва сўнгги натижалари бўйича Артета шогирдлари «Ливерпул»дан ҳам, «Манчестер Сити»дан ҳам кучлироқ кўринаётгани, энг муҳими, айни дамда 1-ўринни эгаллаб турганини ҳам инобатга олиш керак. Яъни уч жамоа ичида ҳаммаси ўз қўлида бўлган ягона жамоа ҳам «Арсенал». Албатта, рақиб ким бўлишидан қатъи назар «Арсенал» ўша ўйиннинг фаворити бўлиб қолаверади. Ўтган турда анча қийин кўринган «Брайтон» майдонида «Арсенал» яққол устунлик билан йирик ҳисобда ғалаба қозонганини эслашимиз мумкин.

«Астон Вилла»нинг ҳам ўз кураши бор. Юқорида тилга олинганидек, бирмингҳэмликлар «Тоттенҳэм» билан кучли тўртлик учун курашиши, шу билан бирга ортдан келаётган жамоаларни ҳам ўзига яқинлаштирмаслиги лозим бўлади. «Астон Вилла»ни «Арсенал» билан ўйиндан кейин «Ливерпул», «Челси» ҳамда «Брайтон»га қарши учрашувлар ҳам кутиб турибди. Бундан ташқари, худди «Арсенал» сингари Эмери жамоаси ҳам еврокубоклардан чиқиб кетмаган. Испаниялик мутахассиснинг кубок форматидаги тажрибасидан келиб чиқсак, жамоани Конференциялар лигасида бемалол фаворит деб айта оламиз. Қизиғи, «Астон Вилла» у ерда нафақат соврин ютиш, балки еврокубоклар рейтингида Англияга қўшимча очколар олиб бериш учун ҳам ҳаракат қилиши керак. Ана ўшанда «Астон Вилла» ҳозир эгаллаб турган 5-ўрин билан ҳам Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиши мумкин.

Ўзаро ўйинларга келсак, биринчи даврада «Астон Вилла» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганини эсласангиз керак. Ундан олдинги 4 ўйин лондонликлар фойдасига ҳал бўлганди. Умуман охирги даврга қарасак, «Арсенал» 16 марта ғалаба қозонган. Шу даврда «Вилла»нинг ғалабалари сони 6 та. Сўнгги 25 ўйинда фақат бир марта дуранг қайд этилган холос.

Таркиблар борасида «Арсенал»да Тимбердан бошқа бирорта ҳам жароҳат йўқ. «Астон Вилла» эса айнан шу борада муаммоларга кўмилиб қолган, дейиш мумкин. Рэмзи, Камара, Буэндия, Мингз каби футболчилар узоқ муддатга сафдан чиқишган. Метю Кэш ҳам шерикларига ёрдам бера олмайди. Клеман Лангленинг ўйнаши ҳам сўроқ остида. Энг ачинарлиси, майдон марказидаги жамоа етакчиларидан бири Дуглас Луиснинг дисквалификациясидир. У «Брентфорд»га қарши ўйинда мавсумдаги ўнинчи сариқ карточкасини олди ва икки ўйинга дисквалификация қилинди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

13 апрел. БАВАРИЯ – Кёлн (18:30), Боруссия М – БОРУССИЯ Д (18:30), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Лутон (19:00), Торино – ЮВЕНТУС (21:00), Борнмут – МЮ (21:30), Маллорка – РЕАЛ (21:30), Кадис – БАРСЕЛОНА (23:55)

14 апрел. ЛИВЕРПУЛ – Кристал Пэлас (18:00), Сассуоло – МИЛАН (18:00), Удинезе – РОМА (21:00), ИНТЕР – Каляри (23:45)

15 апрел. ЧЕЛСИ – Эвертон (23:55)

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар