Юрген Клопп «Ливерпул»нинг 3 футболчиси машғулотларга қайтганини тасдиқлади.
Трент Александр-Арнолд, Алиссон ва Диогу Жота жароҳатдан сўнг машғулотларга қайтишди. Буни «Ливерпул» бош мураббийи Юрген Клопп «Аталанта»га қарши Европа Лигаси 1/4 финал ўйини олдидан ўтказилган матбуот анжуманида тасдиқлади. Учаласи ҳам феврал ойидан бери ўйнамаётганди.
«Бу 3 футболчи биз учун муҳим экани аниқ. Лекин, аввало, улар энг яхши формада, тўғри ритмда бўлишлари керак. Қайта тикланиш ҳеч қачон осон эмас, аммо улар — сифатли ўйинчилар, шунинг учун буни уддалай олишади. Келгуси кунлар ва ҳафталарда кўрамиз.
Кеча улар жуда яхши кўринишди. Улар кўп вақтни ўтказиб юборишди ва аста-секин қайтишлари керак. Аммо агар улар бир неча дақиқа ўйин амалиёти олишга тайёр бўлишса, ҳозир энг яхши вақт, чунки бизда жуда кўп ўйинлар бор. Уларнинг ўрнидаги ёшлар зўр ўйнашди, лекин улар ҳар бир ўйинда қатнаша олишмайди.
Бизга барча футболчиларимиз имкон қадар тез тайёр бўлишлари керак. Барча ўйинларда ғалаба қозонишимиз учун сифат керак», — деди Клопп.