06.04.2024 16:23
2964
«Ливерпул» «МЮ» меҳмони, Римда дерби, Испанияда кубок финали. Ҳафта ўйинлари анонси

Чемпионлар Лигасидаги катта чоракфиналлар олдидан миллий чемпионатларда ҳам қизғин палла давом этмоқда. Рим дербисида жамоалар Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун орани очиқ қилсалар, «Олд Траффорд»да чемпионлик пойгасига таъсир қилиши мумкин бўлган муҳим ўйин бор. Испания чемпионатида бу сафар дам олади. Барча эътибор Қироллик кубоги финалига қаратилади.

РОМА – ЛАЦИО (6 апрел, 21:00)

Рим дербиси турнир жадвали ва жамоаларнинг айни пайтдаги аҳволидан қатъи назар муросасиз ва катта воқеа бўлиши сир эмас. Ҳозир эса қўшимча тарзда, ҳар икки жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун даъвогарлик қилмоқда. Еврокубоклар рейтингида Италия ҳозирда пешқадам бўлиб турибди ва катта эҳтимол билан шундай сақланиб қолса керак. У ҳолда «А Серия»дан беш жамоа янги форматдаги Чемпионлар Лигасида қатнашади. «Рома» ҳозирда 52 очко билан 5-ўринни эгаллаб турибди. «Лацио» билан орадаги фарқ олти очко, катта масофа, аммо агар «Лацио» бу ўйинда ғолиб келадиган бўлса, 3 очкогача қисқариши мумкин. Бу эса «Лацио»нинг ҳам йўлланма учун курашга қўшилишини англатади.

Агар кейинги тақвимга эътибор қаратсак, «Лацио»да қийин рақиблар деярли йўқ. Сўнгги турларда «Интер» билан ўйин бор, аммо ўшанда миланликлар катта эҳтимол билан чемпионлик масаласини ҳал қилиб қўйган бўлади. «Рома»нинг тақвими эса аксинча, «Аталанта» ҳам бор, «Ювентус» ва «Наполи» ҳам бор. Бунинг устига де Росси шогирдлари Европа Лигасида ҳам курашни давом эттирмоқда. Демак «Рома» ва «Лацио» ўртасидаги сиртқи кураш энди бошланяпти, дерби эса мана шу рақобатнинг дебочаси бўлади.

Сўнгги Рим дербиларига қаралса, охирги тўрт ўйинда «Рома» ғалаба қозониш тугул, рақиб дарвозасига гол ҳам ура олмаяпти. Ўтган йили ҳар икки ўйинда ҳам «Лацио» 1:0 ҳисобида устун келган, биринчи даврадаги ўйинда ҳисоб очилмаганди. Мамлакат кубоги доирасидаги ўйинда эса «Лацио» яна 1:0 ҳисобида ютиб, ҳамшаҳарини турнирдан чиқариб юборганди. Қизиғи, де Росси келганидан буён ҳар ўйинда гол уриб келган «Рома»да ҳам сўнгги учрашувларда муаммолар пайдо бўлди, «Лечче» билан ўйинда ҳам голсиз дуранг қайд этилди масалан.

Сардор Озмун номинал мезбонлар сафида майдонга туша олмайди. Шунингдек Эван Ндика «Лечче» билан ўйинда навбатдаги сариқ карточкасини олди ва дисквалификация туфайли дербида ўйнамайди. «Лацио» таркибида майдонга туша олмайдиган номлар кўпроқ, аммо ўйин тақдирини ҳал қиладиган асосий футболчилар эмас. Фақат дарвозабон Проведел ҳали тикланиб улгурмаганини айтиш мумкин, лекин «Лацио» бир ойдан бери усиз майдонга тушмоқда. Шунингдек, Ладзари, Дзакканьи, ҳамда Ровеллалар жароҳат туфайли дербида қатнаша олишмайди.

БРАЙТОН – АРСЕНАЛ (6 апрел, 21:30)

Чемпионлик учун курашаётган уч жамоа ичида «Арсенал»нинг тақвими бироз қийинроқ эканини айтиш мумкин. Бунинг устига, келаси ҳафтаданоқ Чемпионлар Лигаси чорак финали, «Бавария» кутиб турибди. «Арсенал» шу пайтгача, барқарорлик борасидаги синовлардан ўтиб келган бўлса, энди янада оғирроқ давр кутиб турибди. Апрелнинг қолган 24 куни ичида 7 та топ учрашув. «Брайтон»дан кейин икки марта «Бавария», шунингдек, «Астон Вилла», «Тоттенҳэм», «Челси» ва «Вулверҳэмптон» билан ўйнаши керак. Артетанинг мураббийлик фаолияти давомидаги энг муҳим ой.

Бунинг устига «Брайтон» «Арсенал» учун жуда ноқулай рақиб. Ўтган мавсумда чемпионлик учун курашаётган «Арсенал» ўз майдонида де Дзерби шогирдларига 0:3 ҳисобида бой берган ва қолган кичик эҳтимолдан ҳам маҳрум бўлганди. Аввалги мавсумда эса «Брайтон» худди шу шаклда «Арсенал»нинг Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашида қийин аҳволга солиб қўйганди. Орада Лига кубоги ўйинида «Брайтон» яна «Эмирейтс»да 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганига ҳам кўп бўлгани йўқ. Жамоа еврокубоклар учун курашдан ҳали чиқиб кетмагани, ҳатто «Энфилд»да «Ливерпул» билан тенгма тенг ўйнаганини ҳам эътиборга олсак, «Арсенал»га бугун осон бўлмаслиги табиий.

Яна бир қизиқ факт. «Брайтон» барча мусобаақларда 14 ўйиндан бери ўз майдонида мағлубият нималигини билмай келяпти. «Арсенал» эса сафар ўйинларидаги натижалар бўйича лигада энг яхши кўрсаткичга эга. Демак қайсидир анъана бугун бузилиши керак бўлади.

Таркибдаги ҳолатлар бўйича қарасак, «Брайтон»да бир қатор етакчи футболчилар майдонга туша олмайди. Солли Марч, Митома каби футболчилар, айниқса, катта ўйинлар тажрибаси бўйича Милнернинг ҳам ўрни билинса керак. Шунингдек, Фергюсоннинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида. «Арсенал»да йўқотишлар йўқ, лекин бор имкониятини ушбу ўйинга ташлаш устунлиги ҳам йўқ, зеро юқорида айтилганидек, уч кун ўтиб «Бавария»га қарши ўта муҳим ўйин ҳам кутиб турибди.

АТЛЕТИК – МАЛЬОРКА (7 апрелга ўтар кечаси, 01:00)

Қироллик кубоги финали мана шундай афиша ҳосил қилишига албатта, билбаоликларнинг роли беқиёс. «Мальорка» финалгача «Сосьедад», «Жирона» каби жамоаларни мағлуб этгани ҳам катта натижа, аммо «Атлетик» финалларнинг доимий иштирокчиси бўлиб келган «Барселона» ва «Атлетико»ни курашдан чиқариб юборди. Умуман «Атлетик» сўнгги йилларда Испанияда ўзига хос кубок жамоаси бўлиб қолди, охирги 15 йилда 5 марта финалда ўйнади, икки марта суперкубокни ҳам ютди. Аммо ўша 1983/84 йилдаги дублдан буён ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқа олмаётганди. Ниҳоят қора анъанага чек қўйишнинг айни пайти.

«Мальорка» турнир жадвалида қуйи поғоналарда юрган бўлса-да, албатта, финалда кучсиз рақиб бўлмайди. Айнан «Атлетик»ка қарши ўзаро ўйинларни эътиборга олсак ҳам, жамоалар ўртасидаги охирги 5 ўйиннинг атиги биттасида «Атлетик» ғалаба қозона олган холос. Уч ўйин дуранг билан якунланган. Бундан ташқари, тарихан «Мальорка» ҳам ўз холича кубок жамоаси. Ўша галактикослар пайтида, 2002/03 мавсумида жамоа Испания кубогида ғолиб чиққанди. Олдинроқ «Мальорка» ҳатто УЕФА кубоги финалигача борганини ҳам, у ерда «Лацио»дан 1:2 ҳисобида енгилганини ҳам катта ёшли мухлислар эслашса керак. Карлос Роа, Станкович, Энгонга каби таниқли футболчилар ўша «Мальорка» сафида тўп суришганди.

Таркиблар борасида йўқотишлар «Атлетик»да деярли йўқ. «Мальорка» сафида эса Мартин Вальент ва Омар Маскарел каби футболчилар жароҳат туфайли шерикларига ёрдам бера олишмайди.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛИВЕРПУЛ (7 апрел, 19:30)

Қарийб бир ой олдин жамоалар Англия кубоги доирасида мухлисларга ҳақиқий концерт уюштириб бергандилар. «Олд Траффорд»да мезбонларнинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси қайд этилган, аммо негадир, кўпчиликнинг наздида ушбу ўйинда ҳали ҳамма гаплар айтилмагандек туюлган. Албатта, айниқса, «Ливерпул» учун чемпионатдаги ўйин муҳимроқ, бирор очко йўқотишга ҳаққи йўқ, табиийки, аввалги ўйиндаги каби бўшашиш, диққатни жамлаш муаммолари кузатилмаса керак. «Манчестер Юнайтед» учун эса концерт қўйиш одатий ҳолга айланди. Куни кеча «Стемфорд Бриж»даги аламли мағлубиятдан сўнг тен Хаг шогирдлари ҳам бор имкониятини ушбу ўйинга ташлаши шубҳасиз.

Умуман «Ливерпул» ушбу мавсумда фақат бир маротаба майдонни гол ура олмасдан тарк этди. У ҳам бўлса, айнан «Манчестер Юнайтед»га қарши «Энфилд»даги учрашув. Табиийки, бу факт мезбонлар фойдасига ҳеч қандай устунликни исботламайди, зеро сўнгги пайтларда «МЮ» ҳимоя чизиғи бўйича жуда кўп панд емоқда. Ҳозирда «МЮ» нафақат Англия, балки бутун кучли бешликда дарвозасига энг кўп зарба берилган жамоа бўлиб турибди. Яна бир статистика, «МЮ» қатнашган ўйинларда 80-дақиқадан сўнг энг кўп, 28 гол урилган экан. 14 марта «МЮ», шунча марта рақиблар дарвозасини ишғол қилишган. «Ливерпул» 75 дақиқадан сўнг гол уриш бўйича Европада энг яхши натижага эга бўлиб турибди. Бунга агар «Ливерпул»нинг ҳам очиқ футболга қарши бўлмаслигини ва вертикал ҳужумларда кучли эканини эътиборга олсак, голларга бой, ҳужумкор ўйин кутишга ҳақлимиз.

«Юнайтед»да ўйин борасидаги муаммолардан ташқари, кадрлар етишмовчилиги ҳам давом этмоқда. Шоу келаси ойга қайтади, Мартинес ва Линделоф ҳам машғулотлардаги жароҳат туфайли бир ойга сафдан чиққан. «Челси»га қарши ўйинда майдонга тушган икки марказий ҳимоячи жароҳат туфайли алмаштирилди. Катта эҳтимол билан «Ливерпул» билан ўйинда Магуайрга шерик бўлиб, 19 ёшли Камбвала ўйнаса керак. Эрик тен Хаг Варан ва Эванс борасида аниқ гап айтамаган бўлса-да, уларнинг тайёр бўлиш эҳтимоли катта эмас. Шунингдек, Каземиронинг алмаштирилиши ҳам мажбурий бўлгани айтилди, унинг ҳам «Ливерпул» билан ўйинда майдонга тушиши шубҳа остида. «Ливерпул» сафида эса янги жароҳатлар йўқ – Беккер, Жота, Матип, Байжетич, Алкантара ва Трент ушбу ўйинда шерикларига ёрдам бера олишмайди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

6 апрел. Кристал Пэлас – МАНЧЕСТЕР СИТИ (16:30), МИЛАН – Лечче (18:00), Хайденхэйм – БАВАРИЯ (18:30), Унион – БАЙЕР (18:30), АСТОН ВИЛЛА – Брентфорд (19:00), БОРУССИЯ Д – ШТУТГАРТ (21:30), ПСЖ – Клермон (23:55)

7 апрел. Монца – НАПОЛИ (18:00), Кальяри – АТАЛАНТА (21:00), Шеффилд – ЧЕЛСИ (21:30), ТОТТЕНҲЭМ – Ноттингем Форест (22:00), ЮВЕНТУС – Фиорентина (23:45). 

 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар