«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Эрик тен Ҳаг АПЛ 31-туридан ўрин олган «Челси» (3:4) билан ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди.
«Ўйинни ёмон бошладик ва ёмон ҳимояландик. Аммо баҳс давомида устунлик қилганимизни кўрдингиз ва ўйинимиз ажойиб эди — ғалаба қозонишга ҳақли эдик. Лекин рақибга бундай ғалабани тақдим этиб бўлмайди. Ўйин жараёнини яхшироқ бошқаришимиз керак.
Футболчилардан бирини айблашингиз мумкин, аммо бу — жамоавий ўйин. Хаосда нотўғри қарорлар қабул қилдик ва жамоа сифатида бир-биримизга ёрдам бермадик. Тўпсиз вазиятларда нотўғри ўйнадик — концентрация етишмади.
Қолаверса, рақибга якунда пеналтидан омад кулиб боқди, деб ўйлайман. Вазият баҳсли эди.
Рафаэл Варан ва Жонни Эванснинг ҳолати? Ҳозирча айта олмайман.
Омадсизликка учрадик ва энди буни енгиб, қайта олишимиз керак. Бизда бардошли жамоа бор ва сиз буни бугун кўрдингиз. Футболимиз сифати юқори даражада, аммо натижа ҳам керак, бунга вақт ўтиши билан эришилади», — дея тен Ҳагнинг сўзларини келтиради ВВС.