Футзал бўймча жаҳон чемпионатининг қуръа ташлаш маросими Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида бўлиб ўтадиган бўлди.
2024 йил юртимиз нуфузли турнир ФИФА шефелигидаги футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Мусобақадан олдин эса яна бир муҳим воқеа – турнирга қуръа ташлаш маросими ўтказилади. Маросим юртимизнинг энг гўзал масканларидан бири, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг юраги бўлмиш Регистон майдонида бўлиб ўтиши белгиланган.
26 май куни Регистонда ўтказиладиган маросимни дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакати томоша қилиш имкониятига эга бўлади. Гўзал Самарқанддаги қуръа ташлаш маросими юртимизнинг спорт орқали ўзини яна бир бор намоён этишига хизмат қилади.
«Бугун ФИФА Президентининг футзал бўйича ёрдамчиси, ФИФА мусобақалар ўтказиш бўлими бошлиғи Ҳаиме Ярза бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди. Делегацияга Спорт вазири Адҳам Икрамов ва ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамроҳлик қилмоқда. Делегация аъзоларини Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олди», - дейилади ЎФА хабарида.
Тадбир иштирокчилари Регистон майдонида қуръа ташлаш маросимини ташкил этишга доир режалар билан танишди.
Маълумот учун, ЖЧ-2024 баҳслари 4 сентябрдан 6 октябрга қадар бўлиб ўтади.