02.04.2024 18:10
4255
«Динамо»га пеналти берилмаган, «Нефтчи» футболчиси четлатиши керак эди – Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси

31 март куни Ўзбекистон Суперлигаси 2024 йилги мавсуми 4-тури ўз ниҳоясига етди. Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази тур якунлангач, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. 4-тур доирасида ўтказилган 7 ўйинда жами 9 та баҳсли вазият юзага келди: қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин.

1-вазият: «Динамо» – «Металлург» учрашуви, пенальти.
Турнинг очилиш баҳси 69-дақиқасида «Динамо» футболчиси А. Ҳожимирзаевнинг рақиб жарима майдончаси ичида дарвоза томон йўллаган зарбасидан сўнг, тўп меҳмонлар футболчиси А. Тошқўзиевнинг қўлига тегиб, майдонни тарк этган. Бош ҳакам Азиз Асимов дастлаб ўйинни давом эттиришга рухсат берган, сўнгра ВАР вазиятга аралашиб, Асимовни монитор ёнига чақирган. Такрорларни кўриб чиққач, ҳакам 11 метрли нуқтага ишора қилиб, А. Тошқўзиевга 2-сариқ карточка кўрсатган.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: «Металлург» футболчисининг қўли дарвозага кетаётган тўп йўлини ўзгартирган. ВАР вазиятга аралашиб, тўғри қилган ҳамда пенальти тўғри белгиланган. Ҳакамлар жамоасининг қарори тўғри, деб топилди.

2-вазият: «Динамо» – «Металлург»: эҳтимолий пенальти.
Учрашувнинг 65-дақиқасида «Металлург» жарима майдончаси ичида меҳмонларнинг 5-рақамли футболчиси ҳамда «Динамо» аъзоси А. Ҳожимирзаев ўртасида контакт содир бўлиб, ҳужумчи йиқилган. Бош ҳакам бу вазиятда қоидабузарлик йўқ, деб топиб, ўйин давом эттирилишига қўйиб берган. ВАР ҳакамлари ҳам ҳакамнинг қарорини тасдиқлаган.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда «Металлург» футболчиси рақибини оёғидан чалган. Бош ҳакам пенальти белгилаши керак эди. Ҳакамлар жамоасининг қарори нотўғри, деб топилди.

3-вазият: ОКМК – «Бунёдкор» баҳси, эҳтимолий қизил карточка.
Олмалиқдаги баҳснинг 8-дақиқасида «Бунёдкор»нинг 8-рақамли футболчиси Ф. Сиржак мезбонларнинг 10-рақамли аъзоси Х. Ғиёсовга нисбатан қўпол ўйин содир этиб, тирсаги билан унинг юзига теккан. Бош ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаев бу ҳаракат учун «Бунёдкор» аъзосига сариқ карточка кўрсатган.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бош ҳакам «Бунёдкор» футболчисига эҳтиётсиз ҳаракат учун сариқ карточка кўрсатиб, тўғри қилган. Ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

4-вазият: ОКМК – «Бунёдкор»: эҳтимолий фол.
Ўйиннинг 90+3-дақиқасида меҳмонлар бурчакдан тўпни ўйинга киритиб бергач, тўп «Бунёдкор» аъзоси М. Мираҳмадовдан майдон ташқарисига чиқиб кетган. Шу вазиятда ОКМКнинг 15-рақамли аъзоси О. Рустамов ҳамда «Бунёдкор»нинг 7-рақамли футболчиси С. Иззатов бир-бири билан контактга киришиб, иккиси ҳам жарима майдончаси ичида йиқилган. Бош ҳакам ўйинни давом эттиришга рухсат берган.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу ҳолатда ВАР вазиятга аралашмай, тўғри қилган. Контакт ва қоидабузарликни қайд этиш учун кадрлар етарли эмас. Ўйинни давом эттириш керак эди. Ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

5-вазият: «Андижон» – «Насаф» баҳси, эҳтимолий пенальти.
Водийдаги ушбу учрашувнинг 90+2-дақиқасида «Насаф»нинг 70-рақамли аъзоси Ж. Жигаури рақиб жарима майдончаси ичида «Андижон»нинг 28-рақамли ҳимоячиси И. Маматказин билан тўқнашиб, йиқилган. Вазиятни яқин позициядан кузатиб турган бош ҳакам ўйинни давом эттириш кераклигига ишора қилган.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ҳужумчи бу ҳолатда ўзи контактга киришган ва пенальти ишлашга ҳаракат қилган. Ҳакам вазиятни яхши позициядан кузатиб тургани боис буни дарҳол илғаган ва ўйинни давом эттирган. Ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

6-вазият: «Пахтакор» – «Сўғдиёна» учрашуви, пенальти.
Тошкентдаги баҳснинг 54-дақиқасида «Сўғдиёна»нинг 14-рақамли ҳужумчиси Л. Дориев рақиб жарима майдончаси ичида «Пахтакор»нинг 22-рақамли аъзоси У. Адҳамзода томонидан қўполлик билан тўхтатиб қолинган. ВАР ҳакамлари бош ҳакам Шавкат Насибуллаевни монитор олдига чақиргач, ҳакам 11 метрлик жарима зарбаси белгилаган.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳимоячи ҳужумчининг оёғига зарба берган. ЎзФҲМ томонидан икки дарвоза ортига қўйилган камералар бу сафар ҳам муваффақиятли иш берди: улардаги кадрларда оёққа берилган зарба яққол кўринган. Ҳакамлар жамоасининг қарори тўғри, деб топилди.

7-вазият: «Навбаҳор» – «Сурхон» ўйини, пенальти.
Ушбу учрашувнинг 90+3-дақиқасида мезбонларнинг 9-рақамли аъзоси О. Ҳамробеков рақиб жарима майдончаси ичида қўполлик намойиш этиб, йиқитилди. Бош ҳакам Султонмурод Абдураҳмонов 11 метрли нуқтага ишора қилиб, пенальти белгилаган. ВАР ҳам бош ҳакамнинг қарорини тасдиқлаган.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Такрорий лавҳаларда ҳам қўполлик аниқ кўринган. Пенальти белгиланиши керак эди. Ҳакамлар жамоасининг қарори тўғри, деб топилди.

8-вазият: «Олимпик» – «Нефтчи» учрашуви, эҳтимолий қизил карточка.
Ушбу баҳс тақдирини ҳал қилган гол 90+2-дақиқада урилгач, гол нишонлаш жараёнида «Нефтчи»нинг 20-рақамли футболчиси А. Ғофуров «Олимпик»нинг 15-рақамли аъзоси М. Базаровнинг оёғига зарба бериб, агрессивлик намойиш этган. ВАР ҳакамлари бош ҳакам Илгиз Танташевни монитор олдига чақириб, бу вазиятни қайта кўриб чиқишини сўраган. Бош ҳакам такрорларни кўриб чиққач, сариқ карточка билан кифояланишга қарор қилган.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳимоячи спортчига хос бўлмаган хатти-ҳаракат намойиш этиб, рақибини оёғидан чалган. Бу қизил карточкага тортадиган ҳолат. Ҳакам «Нефтчи» футболчисини майдондан четлатиши керак эди. Ҳакамлар жамоасининг қарори нотўғри, деб топилди.

9-вазият: «Олимпик» – «Нефтчи»: эҳтимолий пенальти.
Шу учрашувнинг 90+12-дақиқасида «Нефтчи»нинг 8-рақамли футболчиси К. Карп рақиб жарима майдончаси ичида мезбонларнинг 17-рақамли аъзоси Ж. Содиқов билан тўқнашиб, йиқилган. Бош ҳакам буни дастлаб тўп учун табиий кураш сифатида баҳолаб, ўйинни давом эттиришга рухсат берган. Сўнгра, ВАР бу вазиятни текшириб, ҳакамнинг қарорини тасдиқлаган.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Юқоридаги вазиятлар сингари бу ерда ҳам ҳужумчи ҳимоячи билан ўзи контактга киришган. Фол йўқ, ўйин тўғри давом эттирилган. Бош ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

10-вазият: «Олимпик» – «Нефтчи»: фол, эҳтимолий пенальти.
Баҳснинг 61-дақиқасида «Олимпик» жамоаси бурчакдан тўпни ўйинга киритиб бергач, тўп жарима майдончасидан узоқлаштирилган. Шу жараёнда «Олимпик»нинг 23-рақамли аъзоси А. Бўриев ҳамда меҳмонларнинг 99-рақамли футболчиси Н. Эффионг бир-бири билан контактга киришиб, қўл билан қўпол ўйин содир этган. Бош ҳакам иккала футболчининг қўполлиги учун фол қайд этган ва «Нефтчи» футболчисининг кейинги ҳаракатлари учун унга сариқ карточка кўрсатган. Шундан сўнг, ВАР ҳакамлари бош ҳакам Илгиз Танташевни эҳтимолий пенальтини текшириш учун монитор ёнига чақирган. Ҳакам такрорларни кўриб чиққач, пенальти йўқ, деган қарорга келган ва сариқ карточкани ҳам бекор қилган.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда пенальти йўқ, иккала футболчи тўп учун табиий курашган. Бироқ, «Нефтчи» футболчисининг кейинги ҳаракатлари спортчига хос бўлмагани боис, сариқ карточка бекор қилинмаслиги керак эди. Ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар