01.04.2024 09:28
5692
Кападзе: «Файзуллаев, Ҳусанов, Эркинов ва Йўлдошевнинг Осиё Кубогида иштирок этиши сўроқ остида»

«Олимпик» клуби бош мураббийи Темур Кападзе Ўзбекистон Суперлигаси 4-тур доирасидаги «Нефтчи»га (1:0) қарши баҳсдан сўнг матбуот анжуманида ўз фикрларини билдирди. 

«Жамоани ғалаба билан табриклайман ва ўйлайманки, бунга ҳақли равишда эришдик. Йигитлар яхши ўйнашди ва охиригача ҳаракат қилишди. Миллий жамоадан келганимиздан сўнг ушбу ўйинга тайёргарлик кўришга икки кун вақтимиз бўлди. Йигитлар эса профессионал. Умуман олганда, «Нефтчи»га қарши қийин ўйин бўлишини кутгандик, аммо йигитлар ўйинда ва курашларда яхши ҳаракат қилишди. 

«Нафтчи»га ютқазмаётганимиз? Улар қулай рақибми ёки йўқ, буни айтолмайман. Аммо чемпионатда осон ўйин йўқ ва барча билан беллашувлар қийин ўтмоқда. Бир очко учун ҳам майдонда кураш кечмоқда. Албатта, статистика биз томонда. Улар билан Про-лигадан бошлаб ўйинлар ўтказганмиз ва бу Суперлигада ҳам давом этмоқда. Умуман йигитлар Суперлиганинг бошқа етакчиларига қарши ҳам яхши ўйин кўрсатишади. Айтмоқчиманки, фақатгина «Нефтчи»га қарши бундай иштиёқ билан ўйнамаймиз, бошқалар билан ҳам шундай. Албатта, «Нефтчи» бу йил, умуман олдинги йилларда ҳам етакчилардан бири бўлиб келмоқда ва уларга қарши ўйнаш йигитларга катта мотивациядир.

2-бўлимда ҳужумлар сони кўпайгани? 1-бўлимда икки жамоа ҳам тетик бўлгани учун унчалик катта бўшлиқлар бўлмади, деб ўйлайман. Бутун ўйин давомида «Нефтчи»га зарба бериш ва вазият яратишга имкон бермадик, бу ҳимоячиларимизнинг яхши ўйнаганидан далолат беради. Йигитлар эса бўшлиқлардан яхши фойдаланишди, айниқса, 2-бўлимда. Йигитларга 1-бўлимда рақиб ҳимоячиларини ҳолдан тойдирганимиз сабаб 2-бўлимда хатолар бўлишини ва уни кутишни айтдим. Кўрганингиздек, бу юз берди ва ғалабага эришдик. Бундан хурсандмиз.

Ўзбекистон олимпия жамоаси? Тайёргарликни 2 апрелда бошлаймиз ва 6 апрелга қадар шу ерда бўламиз. Ундан кейин Дубайга бир ҳафтага йўл оламиз ва ўртоқлик ўйини ўтказамиз. Шундан сўнг Доҳага — Осиё Кубогига борамиз. 

Ҳозирча тайёргарликни легионерларсиз давом эттирамиз. Нафақат Аббос Файзуллаев ва Абдуқодир Ҳусанов, балки Ҳожимат Эркинов ва Иброҳимхалил Йўлдошевнинг иштироки ҳам сўроқ остида. Бунга сабаб — ФИФА кунлари эмаслиги ва уларда ўша пайтда тур ўйинлари бўлиб ўтиши. Ҳозирча музокаралар ўтказяпмиз, аммо бир нима дейиш қийин. Албатта, уларнинг сафимизга қўшилиб жамоамизни кучайтиришларига умид қиламиз. Сабаби бу — ватан жамоаси ва уларнинг бари бунга тайёр. Бундай ўйинчиларга эга бўлиш ҳар бир мураббий учун муҳим», — дея Кападзенинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар