Дани Алвес 1 миллион евро миқдоридаги гаров пулини қандай тўлагани маълум бўлди.
Зўрлашда айбланиб 4,5 йилга қамалган «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси якуний ҳукм эълон қилингунга қадар 1 млн евро гаров эвазига қамоқдан озод қилинганди. Шу билан бирга, Алвеснинг паспортлари олиб қўйилган ва у ҳар ҳафта судга ҳисобот бериб туриши керак.
Fiesta дастурида Дани гаров пулини қандай тўлагани тушунтирилди. Манбага кўра, Данининг пулларини бир киши эмас, балки компания берган. Бу — футболчининг ҳаёти ҳақидаги эксклюзив мақола учун пул берган Бразилия журнали. Журнал берган пули эвазига Алвес билан видео форматда суҳбат уюштиради.
Қайд этилишича, футболчи суратга олишда собиқ рафиқаси Жоана Санснинг иштирок этишини сўраган.
«Ушбу журнал Бразилияда ва бутун дунёда машҳур. У машҳур инсонлар ҳақида ажойиб мақолалар чиқаради. Улар кейинчалик ёзадиган мақола эвазига пул беришди. Материал тайёрланмоқда», — дейилади дастурда.
Гаров учун пул бироз кеч келди, чунки бу халқаро пул ўтказмаси эди.
Аввалроқ гаров пулини Алвеснинг «Барселона»даги собиқ жамоадоши Мемфис Депай тўлагани хабар қилинган ва кейинчалик бу рад этилганди.