30.03.2024 18:49
907
Теглар
“Болалигимнинг охирги дақиқаларини яшашни хоҳлайман” – Ғазодаги лагерда футбол билан овунаётган болалар

Ғазодаги қочқинлар лагерида болалар Рамазондаги футбол турнирларидан бир лаҳзалик бўлса-да қувонч топяпти. Бу йил ғолиб жамоаларга кубок эмас, озиқ-овқат пакетлари совға қилиняпти. “Ўлдирилишимизни биламиз, лекин болалигимизнинг охирги дақиқаларида қувонч олишни хоҳлаймиз”, – дейди футбол клуби аъзоларидан бири.

Ғазода анъанавий Рамазон футбол турнирлари ўтказилади. Бу йилги турнирлар олдингиларидан фарқ қилади. 5 кишилик жамоалардан иборат футбол турнири фаластинлик қочоқлар лагерига уруш вақтида қандай қувонч олиб келаётгани ҳақида болалар Al-Jazeera нашрига гапириб берди.

Моат Ража Аллоҳ 6 йиллик тажрибага эга 19 ёшли футболчи. Ғазодаги Рамазон футбол турнирларининг энг яхши ўйинчиларидан бири сифатида танилган бу йигит ҳозиргача 12 та кубок ва бошқа мукофотларни қўлга киритган. Бу йил Ража ҳам Рамазон футбол турнирини Ғазо секторининг марказида жойлашган Дайр ал-Балаҳдаги Ас-Салаҳ футбол клубидаги қочқинлар лагерида ўтказяпти. У ва оиласи ҳам бошқалар каби Исроилнинг Ғазога уруши пайтида қочқинлар лагерига кўчирилган. Ража оиласи учун ифторликка товуқ сотиб олиш ва Исроил ҳужумларидан вайрон бўлган уйи устида ифторлик қилишни орзу қилади. “Рамазон турнирлари энди аввалгидек эмас. Ўйинчиларда ўтган йиллардаги рақобат, иштиёқ ва байрам муҳити етишмаяпти”, – деди Ража Аллоҳ.

1000 дан ортиқ одам уруш сабаб беш ой аввал футбол ўйинлари ва машғулотлар тўхтаб қолган “Ас-Салаҳ” футбол клубидан бошпана топган. Клуб кўчирилган оилаларни озроқ бўлса ҳам чалғитиш учун Рамазон ойида кичик футбол мусобақасини ўтказиб турибди. “Бу турнирни ташкил қилиш орқали биз ўзимизни овунтиряпмиз, дунёга Ғазода ҳаёт бор демоқчимиз. Энг яхши ўйин кўрсатган 2 та жамоага мукофот сифатида пул ёки озиқ-овқат ёрдам пакети берамиз. Бу унчалик ҳам тўғри эмас, лекин шу уларга қувонч келтириши мумкин”, – деган клубнинг спорт ишлари бўйича директори Набил Абу-Аср.

Олдинги Рамазон турнирлари каби бўлмаса ҳам бу футбол турнирлари оилаларга бир лаҳзалик қувонч бера оляпти. Ўғли гол урганда оналар хурсанд бўлишади, кичик болалар уларга четдан туриб мухлислик қилади. Ялангоёқ ёки йиртилган этик кийган болалар палма дарахтлари билан ўралган кўчалар ёки яшаш ҳудудлари билан ўралган кичик футбол кортларида ўз маҳоратларини кўрсатишади. Одамларнинг қий-чувлари атрофда юрган Исроил дронлари овозини босиб кетади. Ўйин тугагач яна уруш ҳақиқати давом этаверади.

“Реал Мадрид”нинг 12 ёшли мухлиси Карам Ал-Ҳвайри футболни урушдан олдинги ҳаётини эслатиб турувчи машғулот деб билади. “Мен шу футбол майдонида таскин топаман. Мен ўлдирилишимни биламан, шунинг учун болалигимнинг охирги дақиқаларини яшашни хоҳлайман. Биз энди болалар эмасмиз”, – деган у.

Карам кичик бўлишига қарамай, урушнинг даҳшатини ҳис қилиб турибди ва Ғазодаги болалар бошидан кечирган воқеаларга ҳеч ким дош беролмаслигини билади.

Турнирларинг яна бир қатнашчиси 16 ёшли ўйинчи Ҳалил Ал-Кафарнеҳ бу ерга октябрда келган. У 10 кишилик оиласи билан Шимолий Ғазода жойлашган Байт Ҳанунда яшаган ва уруш бошланиши билан лагерда яшашади.

“Ас-Салаҳ” футбол клубидаги лагер уларга 3 ойдан бери бошпана бўлиб келяпти. Чекланган озиқ-овқат ва сув билан яшаш қийин кечяпти. Ал-Кафарнеҳ 10 йилдан бери футбол билан шуғулланади. Уруш унинг тайёргарлиги ва маҳоратини ўлдириб бораётганини айтади. “Мен зўрға копток тепяпман. Юқори синф ўқувчисиман ва ҳозир ўқишим керак бўлган вақт. Лекин ўқишни давом эттира олмайман. Уйимиз кулга айланган. У ерда ҳеч нима қолмаган”, – дейди у.

Умидли футболчи Ғазонинг энг кўзга кўринган клубларидан бири “Иттиҳод Ал-Шужаийя”да ўйнашни хоҳлаган эди. Уруш унинг орзуларини йўқ қилиб юборди, чунки “Иттиҳод Аш-Шужайя” клуби ҳам ҳужумлар остида култепага айланди. Ғазода 90 дан ортиқ фаластинлик футболчи, жумладан, афсонавий ҳужумчи Муҳаммад Баракат ҳам урушда ҳалок бўлди. Ғазонинг энг машҳур стадионларидан Ал-Ярмук стадиони ва Ғазо спорт клуби ҳам исроилликлар томонидан вайрон қилинган ёки эгаллаб олинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазо секторини “минглаб болалар қабристони” деб атади. БМТ Болалар жамғармаси (УНИCЕФ) маълумотларига кўра, 7 октябрдан бери Исроил ҳужумлари 13 минг боланинг ўлимига сабаб бўлган. Минглаб одамлар эса вайроналар остида бедарак йўқолган, уларнинг кўпи ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда. Омон қолганларнинг аксари эса жароҳат олган ва озиқ-овқат танқислигидан азият чекяпти.

Етти ёшли Надин Исо ва унинг оиласи январ ойида “Ас-Салаҳ” футбол клубига кўчиб ўтди. Оиланинг Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги уйларига Исроил кучлари томонидан босқин уюштирилган. Надин ва оиласи уруш бошланганидан бери консерва ейиш билан жон сақлаяпти ва ўзининг севимли таомларини соғинганини айтган. Шундай оғир шароитда ҳам Надиннинг мақсадлари ўлмаган. “Ҳамшира ва ҳужумчи бўлишни орзу қиламан. Мен бошқа мамлакатда туғилганимда, бошқа болалар каби ўйин ва ўқишга имконим бўлар эди”, – деган у.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар