«Бунёдкор» стадионида ўтган ЖЧ-2026 саралаши доирасидаги Ўзбекистон — Ҳонгконг (3:0) баҳсидан сўнг бир қанча мухлислар тўсиқ ва қаршиликларга қарамай, майдонга тушишганди.
Тошкент шаҳар ИИББ қонунбузарларни маъмурий жавобгарликка тортди. Вояга етмаган болаларнинг ота-онаси чақиртирилиб, маъмурий баённома расмийлаштирилди ва уларга жарима солинди.
Қолган 3 нафар ёши катта шахс эса жаримадан ташқари маъмурий қамоқ жазосига ҳам ҳукм қилинди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183 ва 194-моддаларига асосан Камолиддин Раҳимов ва Нурлан Амангелиевга 5 суткадан, Муроджон Мардоновга 7 сутка қамоқ жазоси белгиланди.
ЎФА медиа раҳбари Даврон Файзиев воқеага ўз муносабатини билдириб, ташкилот ОФК томонидан жаримага тортилганини айтди ва бундай ҳолатлар Ўзбекистонга турли турнирлар мезбонлиги берилмаслигига олиб келишини таъкидлади.