Ҳонгконг бош мураббийи Йорн Андерсен ЖЧ-2026 саралаши доирасида Ўзбекистон билан ўйиндан (0:3) сўнг ўз фикрларини билдирди.
«Хайрли кеч. Жамоамиз қўлидан келганини қилди. Иккала бўлимда ҳам барқарор ўйнашга ҳаракат қилдик, аммо 50-дақиқадан бошлаб прессинг қила олмадик ва натижада рақибда вазиятлар сони кўпайиб кетди.
Ўзбекистон жуда кучли эканлигини тан оламиз — сифатли футболчиларга эга. Шунинг учун 0:3 ҳисобидаги мағлубият ёмон эмас. Иккала ўйиндаги натижа ҳам адолатли бўлди.
Мен келгач, Ҳонгконг жамоаси бироз кучайди. Бизда яхши дарвозабон ва ҳимоячилар бор. Бугунги баҳсдан фожиа ясамаймиз.
Ўзбекистон билан ўйинларда жамоалар даражасидаги фарқ сезилди. Шунингдек, бугун бразилиялик айрим етакчи футболчилардан фойлана олмадик. Бу ҳам натижага таъсир кўрсатди.
Ҳа, жаҳон чемпионатига чиқа олмадик. Камчиликлар устида ишлаб, Осиё Кубоги йўлланмаси учун курашишимиз керак. Ҳужум чизиғида муаммоларимиз бор. Ўзбекистон футболчилари жуда енгил ҳаракатланишди, биз ҳам қачондир уларнинг даражасига чиқишимизга умид қиламан», — дея норвегиялик мутахассиснинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.