Бразилиялик собиқ футболчи Дани Алвес қамоқдан чиқарилди.
Алвеснинг адвокатлари ва оиласи томонидан 1 миллион евро маблағ суд ҳисоб рақамига ўтказилган. Шу боис, суд қамоқ маъмуриятига якуний ҳукм эълон қилингунга қадар футболчини қамоқдан чиқариш бўйича кўрсатма бергач, футболчи бугун 25 март куни қамоқдан озод этилди. Алвеснинг паспортлари олиб қўйилиб, унга ҳар ҳафта судда кўриниш бериш мажбурияти қўйилган.
Дани Алвеснинг адвокати Инес Гвардиола Барселона суди ҳукми устидан апелляция шикояти бергани ва якуний ҳукм чиққунга қадар маҳкумнинг озод этилишини талаб қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Аввалроқ, Алвес гаров пулини тўлаш учун кредит олишни режалаштиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Данининг қатор ҳисоб рақамлари музлатилгани сабабли унинг оиласи Неймарнинг отасидан 1 миллион евро қарз сўрагани айтилганди.
Маълумот учун, суд «Барселона» собиқ футболчисини жинсий зўравонлик учун айбдор деб топиб, 4,5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилганди.