Москвадаги «Крокус Сити Ҳолл»да бўлган терактда ўнлаб одамларни қутқаришга муваффақ бўлган Ислом Халилов севимли клуби меҳмони бўлди.
Гардеробчи бўлиб ишлаган 15 ёшли йигит хизматчиларнинг хоналари орқали чиқиш йўлини кўрсатиб, 100дан ортиқ кишининг ҳаётини сақлаб қолган. У «Москва онлайн» нашрига концерт залда бир йилга яқин вақтдан буён ишлаб келганини айтган. Теракт куни у соат 16:00 да сменани қабул қилиб олган. Ҳужум бошланганида у кучли овозларни эшитган, аввалига буни «қандайдир шовқин солувчи гуруҳ келди» деб ўйлаган. Халилов зинапоя томондан одамлар чопиб келаётганида вазият яхши эмаслигини тушунган.
Бўлган воқеадан сўнг «Спартак» мухлиси бўлган Ислом севимли жамоасига таклиф қилинди. Унга қаҳрамонлиги учун миннатдорчилик билдирилди, клуб либоси ва мавсумий абонемент совға қилинди.
Рэпер Алишер Моргенштерн эса ўсмирга миллион рубл юборди. «Подём» нашри ёзишича, унинг оиласи бу пулларни кредитларини ёпиш учун ишлатади.
Ислом Россияда туғилган, унинг ота-онаси Қирғизистондан. Отаси Бахтиёр Жалолобод вилояти Сузоқ туманидан, онаси Ойпари — Ўш области Ўзган туманидан. Ислом — оиладаги уч нафар фарзанддан энг каттаси.
Шунингдек, Халиловни Россия мусулмонларининг «Хизматлари учун» медали билан тақдирлашган, дея маълум қилди Россия бош муфтийси Равил Гайнутдин. Ўсмирга мукофот кейинги ҳафта жума намози вақтида Москвадаги Собор масжидида топширилади.