Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Отабек Шукуров ЖЧ-2026 саралаши доирасидаги Ҳонгконгга қарши ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
Жамоалар 21 март санасида Ҳонгконгда тўқнаш келишди ва унда «оқ бўрилар» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу сафарги баҳс 26 март куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан соат 19:30да бошланади.
«Байрам кунида халқимизга ғалаба улашганимиздан хурсандман. Сафар ўйинлари доим қийин бўлган. 2 кунда мослашишга тўғри келади. Устига-устак, рақиб атайин кичик стадионни танлади. У ерда ҳатто ўз футболчилари ҳам ўйнамаган экан. Бундай майдонда жароҳат олмаслик муҳим эди.
Лекин йигитлар тушуниб туришганди. Нима бўлишидан қатъи назар, ютишимиз керак эди. Ҳеч қандай баҳонага ўрин қолмаслиги керак.
Бош мураббийимизнинг йўқлиги?(Сречко Катанец соғлигидаги муаммолар сабаб Словенияга кетди) Йигитлар билан гаплашиб олдик. Катанецнинг ўрнини билдирмай, икки карра куч билан ўйнаймиз. Мураббий бўлмаса ҳам, ёрдамчилари бор. Менимча, ўйинни жонли кўриб, телефон орқали кўрсатмалар бериб турса керак.
Ҳонгконгнинг устун жиҳатлари? 5-6 нафар маҳаллийлаштирилган легионерлари бор экан. Қарши ҳужумлар вақтида кўпчилик бўлиб ҳужумга ўтаркан, аммо бу бизга ҳам қўл келади — уларнинг ҳимоясида юзага келган бўшлиқлардан фойдаланамиз», — дейди Шукуров Tribuna.uz мухбирига.