Москва яқинидаги «Крокус Сити Ҳолл» концерт залидаги теракт туфайли оммавий тадбирлар бекор қилинди.
Россия футбол иттифоқи 25 март куни «ВТБ Арена»да ўтиши белгиланган Россия ва Парагвай миллий жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйини ҳам бекор қилинганини маълум қилди. Учрашув келишувга биноан, бошқа санада ўтказилиши мумкин.
«ВТБ Арена» жума оқшомида ЦСКА ва «Бунёдкор» (2:1) ўртасидаги ўртоқлик ўйинига мезбонлик қилган ва ушбу ўйин якунига етганидан кейин Москва мэри Сергей Собянин «Крокус Сити Ҳолл» концерт залидаги теракт туфайли барча оммавий тадбирлар, шу жумладан футбол ва хоккей учрашувларни бекор қилиш ҳақида қарор чиқарганди.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Москва яқинидаги «Крокус Сити Ҳолл»да ҳарбий либосдаги шахслар «Пикник» гуруҳи концерти арафасида автоматдан одамларни ўққа тутди. Россия Федерал хавфсизлик хизматининг сўнгги маълумотларига кўра, камида 60 киши ҳалок бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 115 нафар жабрланувчи шифохоналарга ётқизилгани, шундан беш нафари болалар эканини маълум қилган. Отишма бошланган маҳалда залда олти мингга яқин томошабин бўлган бўлиши мумкин — «Пикник» концерти учун барча чипталар сотиб бўлинганди. Одамлар «Крокус Сити Ҳолл»ни тарк этаётганида у ерда бир неча портлашлар содир бўлган. Бинода ёнғин бошланган, унинг томи амалда бутунлай қулаб тушган. Россия Тергов қўмитаси теракт тўғрисида иш очган.