ПФЛ 2024 йилги Ўзбекистон кубоги финалини қабул қилиш учун даъвогар стадионлар рўйхатини эълон қилди.
2020 йилдан бошлаб кубок финалига мезбонлик қиладиган стадионлар номига шаффоф қуръа орқали аниқлик киритиб келади. Шу тариқа Наманган (2020), Самарқанд (2021), Бухоро (2022), Қарши (2023) шаҳарлари мос равишда финалларни қабул қилди.
2024 йилги мавсумда Лига уч стадионга шундай имконият тақдим этади: «Истиқлол», «Бобур арена» ва ОКМК стадиони. Мазкур ўйингоҳлар ўтган мавсумда Лига талаби бўйича ёритиш, суғориш, дренаж тизимларини яхшилади, майдон майсаси ўзгартирилди.
Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичига 21 март куни қуръа ташланиши маълум қилинганди. Спорт-ТВ орқали жонли эфирга олиб чиқиладиган жараён вақтида кубок финалига мезбонлик қиладиган стадион номига ҳам ойдинлик киритилади. Финал 5 октябрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.