16.03.2024 15:45
3445
«МЮ» «Ливерпул»га қарши, «Барса» Мадридга сафар қилади. Ҳафта ўйинлари анонси

Еврокубокларга қуръа ташланди ва клублар совринларни ютиш учун қандай йўлни босиб ўтишлари кераклиги ойдинлашди. Миллий чемпионатда эса терма жамоалар билан боғлиқ танаффус олдидан клублар сўнгги бор ўз позициясини мустаҳкамлаш учун ҳаракат қиладилар. «Интер» ва «Байер»да чемпионлик учун навбатдаги дадил қадам ташлаш имконияти бўлса, Англияда топ-клублар дунёнинг энг қўҳна мусобақаси чоракфиналида орани очиқ қиладилар.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – НЮКАСЛ (Англия кубоги чорак финали, 16 март, 22:30)

Бир неча фронтда қатнашиш ва жуда кўп жароҳатлар сабабли «Нюкасл» ўтган мавсумдаги муваффаққиятни такрорлай олмаган бўлса-да, алоҳида ўйинларда, айниқса, кучли жамоаларга қарши ҳали ҳам Эдди Ҳау шогирдлари муносиб эканини исботлаб келмоқда. «ПСЖ», «Арсенал», «МЮ», «Челси»га қарши ўйинлар бунга яққол исбот. Айнан «Манчестер Сити»га қарши ўйинларни ҳам мисол сифатида келтириш мумкин – чемпионат доирасидаги ҳар икки ўйинда «шаҳарликлар» минимал ҳисобда устун келган бўлишса-да, ўйинлар жуда қийин кечганди. Лига Кубогида эса «Нюкасл» «Манчестер Сити»ни мусобақадан чиқариб юборганини ҳам эсласангиз керак.

Ўз навбатида «Манчестер Сити» ҳам ушбу турнирга, айниқса, мана шу ўйинга жиддий ёндашишини тахмин қилиш мумкин. Тўғри, «Манчестер Сити»ни Чемпионлар Лигасида ҳам, АПЛда ҳам муҳимроқ ўйинлар кутмоқда, аммо ушбу ўйиннинг айнан шу кунларга белгилагани ҳам аҳамиятли. Сабаби, шу ўйиндан кейин клублар икки ҳафталик танаффусга чиқиб, миллий жамоалар ўртасидаги учрашувлар бўлиб ўтади. Яъни, Гвардиолага қайсидир муҳимроқ учрашув олдидан етакчиларга дам бериш, ротация қилиш эҳтиёжи йўқ, катта эҳтимол билан ҳар икки мураббий учрашувга оптимал таркибни танлайди. Албатта, бундан ташқари, «Манчестер Сити» қаторасига икки марта требл қилган клуб сифатида тарихга кириш имконияти бор, бу ҳам ўзига яраша катта мотивация.

Гвардиола фақатгина Кевин де Брюйнега дам бериши мумкин, зеро хабарларга қараганда, белгиялик яримҳимоячида кичик жароҳат бор. У «Арсенал»га қарши ўйингача тикланиши кутилмоқда. Табиийки, «Ливерпул» билан ўйин пайтида жароҳат олиб алмаштирилган Эдерсон ҳам ушбу ўйинга тайёр бўлмайди. Меҳмонлар сафида эса йўқотишлар нисбатан кўпроқ. Дарвозабон Ник Поупдан ташқари, Киран Трипьер, Жоалинтон, Барнс, Берн, Уилсон, ҳамда Энтони Гордонлар шерикларига ёрдам бера олишмайди.

ВЕСТ ҲЭМ – АСТОН ВИЛЛА (17 март, 19:00)

Англия кубогида чорак финал ўйинлари ўтаётгани сабабли, бу ҳафта АПЛ доирасида жуда оз учрашувлар бўлиб ўтади ва улар ичида ушбу тўқнашув анча қизиқарли кечиши кутилмоқда. «Вест Ҳэм» турнир жадвалида 7-ўринда бормоқда ва албатта, қаторасига икки марта Европа Лигасида қатнашиш бугунги АПЛ шароитида катта натижа. Ахир «Челси», «Нюкасл», «Брайтон» каби анча юқори баҳо берилган жамоалардан юқорида бўлиш Мойес учун ажойиб ютуқ сифатида баҳоланиши турган гап. «Астон Вилла» эса ҳозирча сақлаб турилган топ-4даги ўрнини бой бермаслик учун курашиши шарт. Айниқса, ўтган турдаги «Тоттенҳэм»дан йирик мағлубият бирминҳэмликларга оғриқли зарба бўлди.

Ҳар икки жамоа еврокубокларда муваффақият қозониб, кейинги босқич иштирокчисига айланишди. «Астон Вилла» «Аякс»га қарши, «Вест Ҳэм» «Фрайбург»га қарши жуда қийин сафар ўйинини ўтказишганди, аммо жавоб учрашувида рақибларга умуман имконият қолдирилмади. Ҳар икки жамоа йирик ҳисобда ғалаба қозонишди, демак ушбу учрашувга анча кўтаринки кайфиятда ташриф буюриши табиий. «Вест Ҳэм»ни эса Европа Лигаси чоракфиналида бу мавсумда Европанинг энг кучли жамоаси «Байер» кутиб турибди. Ҳақиқатан ҳам катта имтиҳон бўлади. Эмери шогирдлари эса «Лилл» билан тўқнашади. Плей-офф форматида анча тажрибали Эмери жамоаси Конференциялар кубоги фаворити сифатида баҳоланмоқда.

«Тоттенҳэм»га қарши ўйинда ҳисобнинг 0:4га айланиб кетишида, табиийки, Жон Макгиннинг қизил карточкаси ҳам сабаб бўлди. Етакчи футболчи кейинги уч ўйинни ўтказиб юборади. «Вест Ҳэм»дан ташқари, «Вулверҳэмптон» ва «Манчестер Сити»га қарши ўйинлар ҳам оғир ўтишини инобатга олсак, Эмери учун унинг ўрнини тўлдириш анча қийин бўлса керак. Шунингдек, меҳмонлар таркибида Камара ва Диего Карлос ўйнолмайди, Мингз ва Буэндия мавсум охиригача сафдан чиқишган. Рэмзи ва Уоткинсларнинг ҳам ушбу учрашувга тайёр бўлишлари сўроқ остида. Мойес эса фақат Корне ва Эмерсоннинг ёрдамидан фойдалана олмайди.

Биринчи даврадаги баҳсда мезбонлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўтган йили Лондондаги учрашувда эса дуранг қайд этилган. «Вест Ҳэм» барча мусобақалар доирасида охирги беш ўйинда 14, «Астон Вилла» эса сўнгги 5 ўйинда 11 гол урган. Бирминҳэмликлар етти ўйиндан бери сафарда мағлубиятга учрагани йўқ. Демак голларга бой ва анча муросасиз баҳсни кутишга ҳаққимиз бор.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛИВЕРПУЛ (Англия кубоги чорак финали, 17 март, 20:30)

Англия кубогида яна бир чорак финал ўйини барчанинг эътиборида бўлиши табиий. «Олд Траффорд»да мамлакатнинг энг совриндор икки жамоаси тўқнаш келади. Албатта, ҳозирда томонлар орасидаги фарқ яққол сезилади – «Ливерпул» ўзи қатнашаётган барча мусобақада (Лига кубогида ғалаба қозониб бўлди) ғолиб чиқиб, Клоппнинг сўнгги мавсумини кўтаринки руҳда тугатиш имкониятини сақлаб турган бўлса, «Юнайтед» учун бу турнир соврин ютиш учун ягона имкон. Ҳатто мана шу мусобақа натижаси ҳам Эрик тен Ҳагнинг ўз ўрнида қолиш ё қолмаслигини ҳал қилиш эҳтимоли бор. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам учрашув жуда муросасиз ва қизиқарли ўтиши эҳтимоли катта. Биринчи даврадаги «Энфилд» баҳсини эсланг, ўшанда «МЮ» жароҳатлар гирдобида қолган, «Ливерпул» эса жуда яхши формада эди. Ўйинда ҳисоб очилмаганди. Умуман ўша ўйин «Ливерпул» гол ура олмаган ягона учрашув бўлиб турибди.

Яна бир эътиборли жиҳат, «Ливерпул» Европа Лигаси учрашувида 5:1 ҳисобидаги устунликка эга бўлиб, жавоб ўйинидаги дастлабки дақиқалардаёқ 4 гол урди. Аммо шунда ҳам Юрген Клопп Салоҳ, Робертсон, Собослаи каби етакчиларга дам бериш ўрнига, тўлиқ ўйнаш имконини берди. Ҳатто Виржийл ван Дейк каби футболчилар иккинчи таймда майдонга туширилди. Икки кундан кейин «Олд Траффорд»даги ўйин бўлишини билган ҳолда барчаси ҳал қилинган ўйинда бундай иш тутиш бироз тушунарсиз. Ёки Юрген Клопп кейинги икки ойда уч соврин учун курашиш оғирлик қилишини сезиб, Англия кубогида бироз аралаш таркибни синаб кўрармикин? Эсингизда бўлса, икки йил олдин ҳам «Ливерпул» тўрт соврин учун сўнгги кунларгача курашган, икки кубокни ютгач, АПЛ ва Чемпионлар Лигасини бой берганди.

Эрик тен Ҳаг эса албатта, ушбу ўйинда асосий таркибни ташлаши шубҳасиз. Ўтган ўйинларда майдонга туша олмаган Расмус Ҳойлунд ҳам тўлиқ тикланди ва ҳатто Дания миллий жамоасидан йиғинларга таклиф олди. Шунингдек, мураббий Ҳарри Магуайр ва Аарон ван Биссакаларнинг ҳам дербига тайёр бўлишларини айтиб ўтди. Мэйсон Маунт ҳам бир ҳафтадан буён умумий гуруҳда шуғулланаётган бўлса-да, катта эҳтимол билан танаффусдан кейин майдонга тушади. Мезбонларда жароҳатлар аста-секин камаяётган бўлса, «Ливерпул» сафида йўқотишлар жуда кўп, балким шунинг учун Юрген Клопп учта фронтда ғалаба қозонишига ишонмаётгандир. Трент Александр-Арнолд, Конате, Матип, Жота, Алисон – майдонга туша олмайдиган асосий таркиб футболчилари. Шунингдек, Кетрин Жонс, Алкантара, Байжетич каби футболчилар ҳам шерикларига ёрдам бера олмайдиганлар сафида.

Уч йил олдин худди шу жамоалар «Олд Траффорд»да Англия кубогининг дастлабки босқичларида тўқнаш келганди. Ўшанда Бруно Фернандешнинг жаримадан урган голи эвазига мезбонлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган.

АТЛЕТИКО – БАРСЕЛОНА (18 мартга ўтар кечаси, 01:00)

Бу жуфтлик яқинда балким Чемпионлар Лигаси яримфиналида ҳам тўқнаш келиши мумкин. Унгача эса ички мусобақада орани очиқ қилиб олиш керак. Айниқса, «Барселона» учун бу ўйин жуда муҳим, зеро «Эл Класико» олдидан ҳеч бўлмаса орадаги фарқни сақлаб туриш чемпионлик пойгасида интригани сақлаб туради. Агар бу ўйинда Хави шогирдлари мағлуб бўлишса, катта эҳтимол билан «Реал»га етиб олиш иложсиз бўлиб қолади. Ҳозирда «Реал» ва «Барселона»ни 8 очколик фарқ ажратиб турибди. Уч турдан кейин Мадридда навбатдаги Эл-Класико бўлиб ўтади.

Ўз навбатида, «Атлетико»да ҳам вазият енгил эмас. Чемпионлар Лигасига бўлган эътибор туфайли, Симеоне бир қатор ўйинларда ротация қилишга мажбур бўлди ва жамоа кутилмаганда «Алмерия» ва «Кадис»га қарши сафар учрашувларида очко йўқотди. Оқибатда, ҳозирда «Атлетико» билбаолик «адашини» атиги 2 очкога ортда қолдиряпти, холос. «Атлетик» нияти жиддий экани, келаси йил Чемпионлар Лигаси учун Испанияга 5 йўлланма тегиши эҳтимоли пастлигини инобатга олсак, тиғиз ойлар олдидан яна очко йўқотиш ҳолатни қийинлаштириб қўяди.

Ўзаро учрашувларга қаралса, сўнгги пайтларда «Барселона»нинг устунлигини кўриш мумкин, аммо ҳар бир ўйин жуда муросасиз кечаётгани ҳам шубҳасиз. Охирги тўрт ўйинда каталонияликларнинг қўли баланд келди, аммо учала учрашув ҳам бир хил – 1:0 ҳисобида якунланди. Ундан олдин, то 2020 йилгача қарийб 10 йил «Атлетико» Ла Лигада «Барселона» устидан ғалаба қозона олмай келганини ҳам эсласангиз керак. Барча мусобақалардаги охирги 40 учрашувни олсак ҳам, «Атлетико» ҳисобида атиги 5 ғалаба бор холос. Бу даврда «Барселона» 22 бор ғалаба қозонган.

Энди жароҳатлар ҳақида. «Барселона» сафида бундай футболчилар кўп. Бутун мавсум давомида Хави шу шароитда ишлашга мажбур бўлмоқда. Мавсум охиригача сафдан чиққан Балде ва Гавидан ташқари, Педри ва де Йонг ҳам ўйнай олмаслиги аниқ. Яхшиямки Педрининг жароҳати кутилганидан енгилроқ бўлиб чиқди ва катта эҳтимол билан кейинги турда тайёр бўлади. Шунингдек, Ферран Торреснинг ҳам кейинги турга, яъни танаффусдан кейин тўлиқ тикланиши кутилмоқда. Мезбонлар сафида эса Хосе Хименес ва Тома Лемарлар шерикларига ёрдам бера олишмайди.

«Атлетико» уй ўйинлари статистикаси бўйича чемпионатда энг яхши кўрсаткични қайд этаётганини ҳам таъкидлаш керак. Чемпионат доирасидаги 14 учрашувнинг 13 тасида ғалаба. Фақат «Хетафе» билан дуранг қайд этилган, аммо ўша ўйинда ҳам «Атлетико» биринчи таймдан бошлаб бир футболчи кам бўлиб ўйнашга мажбур бўлганди. Чемпионлар Лигасидаги тўрт ўйинда ҳам Симеоне шогирдлари рақибга ҳеч қандай имконият қолдиришмади. «Метрополитано»да бу мавсумда фақат «Атлетик» кубок учрашувида ғалаба қозонишга муваффақ бўлди – 1:0. «Барселона» эса акстинча, ўз майдонида уч марта мағлубиятга учраш баробарида, сафарда ҳали бирор ўйинда мағлубиятга учрамади – 7 ғалаба ва 6 дуранг.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

17 март. Дармштадт – БАВАРИЯ (19:00), Осасуна – РЕАЛ (20:15), Фулҳэм – ТОТТЕНҲЭМ (22:30)

18 март. Фрозизоне – ЮВЕНТУС (16:30), Верона – МИЛАН (19:00), Фрайбург – БАЙЕР (19:30), АТАЛАНТА – Фиорентина (22:00), РОМА – Сассуоло (22:00), ИНТЕР – НАПОЛИ (18 мартга ўтар кечаси, 00:45), Монпелье – ПСЖ (00:45)

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар