Маҳмуд Даҳуд Сурия миллий жамоасида ўйнайди.
«Брайтон»га тегишли бўлган, ҳозирда «Штутгарт»да ўйнаётган яримҳимоячи спорт фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқига эга, чунки у Германиянинг асосий жамоасида фақат ўртоқлик баҳсларида ўйнаган ва бирорта ҳам расмий беллашувда қатнашмаган. Аввалроқ Даҳуд Германия ёшлар жамоаларида ҳаракат қилган.
«Сурия миллий жамоасида ўйнаш ғояси мени жуда қизиқтирди. Мен Германияда катта бўлганман, бутун умримни шу ерда ўтказганман, мамлакат ёшлар жамоаси ва асосий жамоада фахр билан ўйнаганман. Германия — менинг уйим.
Сурия — менинг оиламнинг ватани. Германияда яшаш биз учун нақадар шараф эканлигини ва айни пайтда Сурия халқини хурсанд қилиш муҳимлигини оиламдан ёшлигимда ўрганганман. Бу имкониятдан жуда хурсандман», — деди Маҳмуд.
28 ёшли яримҳимоячи фаолияти давомида «Боруссия М» ва «Боруссия Д» клубларида ҳам тўп тепган.