Сержиу Консейсаунинг айтишича, Микел Артета унинг оиласини ҳақорат қилган.
Чемпионлар Лигаси 1/8 финали доирасида «Арсенал» – «Порту» ўйинда (1:0, пеналтилар бўйича — 4:2) «тўпчилар» ва «аждарлар» бош мураббийлари ўртасида зиддият юзага келди.
«Менга Артета нима дегани қизиқ эмас. Ўйин давомида у захира ўриндиғимизга ўгирилиб, испан тилида нимадир деди. Афтидан, испаниялик мураббийларда шундай анъана бор, чунки «Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиоладан ҳам шунга ўхшаш гапларни эшитгандим. У менинг оиламни ҳам ҳақорат қилди. Унга ҳақоратлаган инсони ҳозир орамизда йўқлигини айтдим», — дея португалиялик мураббийнинг сўзларини келтиради Metro.
Консейсау Артета ўз клубининг натижаларига эътибор қаратиши кераклигини қўшимча қилди: «У бор эътиборини жамоасини тайёрлашга қаратиши керак. Натижа адолатсиз бўлди. Жамоамиз чоракфиналга чиқишга ҳақли эди».
Ўз навбатида, Артета бу воқеага изоҳ беришдан бош тортди.