«Наполи» футболчилари «Барселона» тўсиғидан ўтишса, 10 млн евро бонус олишади.
Неаполда бўлиб ўтган Чемпионлар Лигаси 1/8 финалининг биринчи ўйини 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланганди. Жавоб беллашуви бугун, 12 март куни Каталонияда бўлиб ўтади.
«Наполи» хўжайини Аурелио Де Лаурентис жамоага чоракфиналга чиқса, 10 миллион евро бонус беришини ваъда қилди.
Де Лаурентис неаполликлар 2025 йил ёзида АҚШда бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этишини жуда хоҳлайди, чунки янги форматдаги турнир иштирокчиларга 50 млн евро кафолат беради.
Чемпионлар Лигасининг чоракфиналига чиқиш «Наполи»ни клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига яқинлаштиради. Жанубликлар турнирда иштирок этадиган кучли 32 жамоа қаторига кириш учун рейтингда «Ювентус»дан 5 баллга ортда қолмоқда. «Барса» мағлуб этилса, 2 очко ва кейинги босқичга чиққани учун эса яна 1 очко қўшилади. Сўнг чоракфиналдаги бир ғалаба «Юве»га етиб олиш имконини беради.
Бундан ташқари, ЕЧЛ чоракфиналига чиқиш «Наполи»га 10,6 млн евро мукофот пули олиб келади.