«Бунёдкор» яримҳимоячиси Усмонали Исмоналиев Суперлига 2-туридан ўрин олган «Андижон»га (1:5) қарши ўйинда майдондан четлатилгани ҳақида фикр билдирди.
«Муҳаммадкарим билан ёшликдан катта бўлганмиз, 3 йил бир жамоада тўп тепдик. Оғир кунларимизда бир-биримизни қўлладик, ёнма-ён бўлдик. Оилавий борди-келдимиз бор. Қисқаси, у билан ака-укадек яқинмиз, қалинмиз. Ўйиндан аввал ҳам Тоиров билан анча суҳбатлашдик, ҳазиллашдик.
Голимиз ВАРда текширилаётганда Муҳаммадкарим билан ҳазиллашдик. Бошқа жиддий гап йўқ. Вазиятни чуқурлаштириш, муаммо излаш, ваҳима кўтариш шарт эмас. Агар ўша ҳазилим учун қизил карточка кўрсатилишини билганимда Муҳаммадкаримнинг олдига умуман яқинлашмасдим. Хўп, мен четлатилдим, вазиятни қўрқинчли қилиб кўрсатиш, Тоировни йиқитиб, уни ётган жойида тепиш шарт эмасди. Ҳакам чўнтагидан карточка чиқарди, фикридан қайтмайди.
Ҳазиллашганим учун қоидага амал қилишди, четлатишди, инсонийлик иккинчи «планга» тушди, эътироз йўқ. Аммо яна қайтараман, вазиятни ваҳимали кўрсатишга ҳаракат қилиш нотўғри.
Тоиров ўша вақтда ҳакамга «қизил карточка кўрсатманг» демоқчи эди, улгурмай қолди, чунки уни йиқитишди. Бунинг учун ўзи мендан узр сўради. Аслида мени хафа қилгани бошқа нарса — ҳисоб тенглашгунига қадар ўйиндаги устунлик биз томонга ўтаётганди, майдондан четлатилганимдан сўнг ҳаммаси ўзгариб кетди. Шуниси алам қилди. Четлатилганимдан кейин кийим алмаштириш хонасига йўл олдим, танаффусга қадар ўйин биз учун тескари кўриниш олди. Шундан кейин четлатилганим алам қилди. Ўзимни ҳаммасига айбдорлик ҳисси қамраб олди. Эҳтиётсизлигим учун мухлислар ва мураббийлар штабидан узр сўрайман!» — дея футболчининг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.