Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директори Диёр Имомхўжаев «Спорт» телеканалида Ориф Толипов муаллифлигидаги «Mixball» кўрсатуви меҳмони бўлиб, Суперлига клубларининг хусусийлаштириш масаласига тўхталди.
«Футболда букмекерлик конторалар рекламасидан пул қилма дейишмоқда – улар ҳақ. Спиртли ичимликлар рекламасидан пул ишлама дейишмоқда – улар ҳақ. Давлатдан пул олма, мактаб қурайлик дейишмоқда – улар ҳақ. Аммо, клубларни хусусийлаштириш жараёни ҳақида гап кетса, стадионни алоҳида сотамиз, қолгани эса алоҳида масала дейишмоқда. Уларга саволим бор: бунақада ўзи нима қилиш керак?
Масалан, Бухородаги стадион бузилди, кўпчилик ПФЛ қаерга қараяпти дейди? Бу стадион бизга эмас, вазирликка тегишли стадион эди. «Бухоро» у ерда фақат ўйнаб турган. «Бухоро» клуби ўзи шунча йиллар давомида йўқотилган шунча пулларига ўзига битта стадион қуриб олиши мумкин эди.
«Пахтакор» масаласига келсак, биз шахсларга ниманидир олиб бермоқчи эмасмиз. Асосий мақсадимиз футбол стадионини сақлаб қолиб, уни ривожлантирмоқчимиз ва бу орқали клубни хусусийлаштирмоқчимиз. Шу мақсадда футбол стадионидан фойдалансак бўладими ўзи? Бозор нархида сотиб юборсак нима бўлади масалан? Бу бўйича «Манчестер Юнайтед» билан боғлаб фикрлар айтилди, аммо «МЮ» қаерда-ю, биз қаердамиз, иқтисодимиз қай даражада агар бу жиҳатдан таққосланса?
Футбол керакми ўзи деб гапиришмоқда одамлар. Футбол – миллионлар ўйини. Ўзбекистонда биринчи рақамли спорт тури бу. Бутун дунё катта инвистициялар киритилмоқда, ФИФА катта таъсир доирага эга. Одам фақат ўзи хоҳлаган нарсани афзал билиши, қилиш керак эмас. «Ёп, тугат, «запрет» деган гапларга қарши бўлган тўғри фикрдаги одамларимиз ҳам «футболни ёпиш керак» деётгани ҳайрон қолдиради. Нимага ёпиш керак?
«Пахтакор» стадиони масаласида ҳам турли фикрлар янгради, аммо стадионни ким олишини нима фарқи бор? Уни бўйнига аниқ талаб ва мажбуриятлар қўйилади барибир. Бу камида яна 100 йил стадион бўлиб қолади деб талаб қўйилмоқда. Стадион атрофида мухлислар учун қулайликлар яратилиб, секин-аста клуб фойдага кириши мумкин.
Клублар тадбиркорлар учун яқин йиллар ичида жозибали бўлишига ишончим борми? Бор. Бунинг учун шуни жозибали қилиб кўрсата оладиган одамлар келиб, ҳаммага кўрсатиб бериши керак. Биз ҳам шуни кўрсатишга ҳаракат қилмоқчимиз. Тўғри йўлга тушиб олишимиз керак.
Ҳозир «Сурхон» мисол учун деярли хусусий клуб, «Динамо» ҳам шундай, хусусий тадбиркор пул ажратади. «Турон» ҳам бор эди, муаммоси қийин бўлиб қолди. «Пахтакор» ҳам секин-секин шуни ҳаракатида, бу яхши тенденция, қачонлардир барибир бошлашимиз керак буни», - дейди ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, «Сурхон» клуби таниқли тадбиркор, «Eriell» нефтгаз компанияси бошқарув раиси Бахтиёр Фозилов томонидан сотиб олинган бўлса, «Динамо» клуби «Agromir Buildings» компанияси томонидан молиялаштирилади.
Аввалроқ, «Пахтакор» стадиони ва клуби хусусийлаштирилиши ҳамда Жаҳонгир Ортиқхўжаев қўл остига ўтиши турли муҳокамаларга сабаб бўлганди. Тошкент шаҳар собиқ ҳокими «Пахтакор» клубининг амалдаги президенти саналади.