04.03.2024 21:28
4724
Теглар
«Ҳамробеков, Сайфиев, Турғунбоевнинг кетиши – биз учун йўқотиш». Шацких етакчиларнинг клубни тарк этиши ва чемпионлик кураши ҳақида

«Сурхон» - «Пахтакор» (0:3) учрашувидан кейин дастлаб Максим Шацких фикрларини билдирди. Тошкент жамоаси бош мураббийи жамоани тарк этган етакчилари ва бу мавсум ниманинг эвазига чемпионлик учун курашиш мумкинлиги ҳақида гапирди.

«Барчага хайрли кеч, анчадан буён кўришмадик. Фикримни қисқароқ айтадиган бўлсам, аввало йигитларга раҳмат дейман. Улар кўрсатмаларни тўғри бажаришди. Ўйинни ўз назоратимизда ушладик. Биринчи ўйинда 3 очко олиш муҳим эди.

Энди уч кундан кейин бизда «Насаф»га қарши муҳим ўйин бор. Ушбу баҳсга тайёргарликни бошлаймиз.

- «Пахтакор»ни бир қатор футболчилар тарк этишди, уларнинг ўрни эса асосан ёшлар билан тўлдирилди. Мавсум олдидан қандай ўйинчиларни таркибда кўришни истаган эдингиз? Қўл остингиздаги таркибдан қанчалик қониқаяпсиз?

- Мураббий ҳар доим ҳам қониқмайди. Ҳар доим нимадир етишмаслиги мумкин. Аммо биз шу йўлни танладик, шундай релсга ўтдик. Аммо икки ойда тўлиқ ўзгариб қолиш қийин, бунинг учун вақт талаб этилади. Буни йил давомида амалга оширамиз. Раҳбарият олдимизга қўйган йўналишда ишлаб, ўз тарбияланувчиларимизга кўпроқ ишонч билдиришга ҳаракат қиламиз. Барчамиз миллий жамоаларимиз манфаати йўлида ишлаймиз. Чунки таркибда миллий жамоаларга аъзолар кўп.

- Трансфер ойнасида Ҳамробеков, Турғунбоев, Сайфиев, Қувватов сингари жамоага муҳим бўлган ўйинчилар билан хайрлашдингиз. Уларнинг ўрнини тўлдириш қанчалик қийин бўлмоқда?

- Табиийки, уларнинг ўрнини тўлдириш осон эмас. Бу биз учун йўқотиш. Аммо жамоадан кетиш қарорини биз эмас, уларнинг ўзлари қабул қилишди. Клубни, муҳитни ўзгартиришни исташди. Аввал ҳам айтганман, биз ҳеч кимни ушлаб ўтирмаймиз. Чунки шартномаси бор кимдир клубдан кетишни истаса, уни ушлаб ўтиришдан маъно йўқ. Ҳа, жамоани тарк этганлар ўрнини дарҳол тўлдириш, қийин ва имконсиз. Чунки биз Ҳамробеков, Турғунбоев, Сайфиевни ўзидек ўйинчини топа олмаймиз. Бундай ўйинчилар йўқ. Уларнинг ўрнига қўлимизда бор таркибдан фойдаланишга уринамиз. Бу ёшлар келажакда уларнинг ўрнини эгаллаши мумкин, аммо бугун эмас.

- «Пахтакор» таркиб борасида асосий рақобатчиларига нисбатан кучсизланди. Жамоангиз бу курашда ниманинг эвазига чемпионлик учун курашиши мумкин ва клуб мақсадига эриша олмаса нима бўлади?

- Бунга чемпионат якунида жавоб топиш мумкин. Ниманинг эвазига? Клубдаги чемпионлик руҳи эвазига ҳам ғолибликни қўлга киритиш мумкин. Бу ерда ҳамма чемпионлик учун ишлашини билади. Бунга ишонмаса, клубга келмасди. Ҳа, эҳтимол ҳар сафар ҳам барчасиз биз истагандек бўлмас, аммо бу футбол. Барчасини ўйинлар кўрсатади. Бизни қизиқарли чемпионат кутиб турибди. Ҳа, рақибларимиз таркибини кучайтирган, кўрамиз, - дея Шацкихнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар