Бугун, 1 март - баҳорнинг илк кунида Ўзбекистонда янги футбол мавсумига расман старт берилади. Мухлислар интиқлик билан кутган Суперлига-2024 карвони йўлга чиқади.
Дастлабки кун ўйинлари доирасида чемпионлик учун асосий фаворитлар дея саналаётган «Навбаҳор» ва «Насаф» ўз ўйинларини ўтказишади. Ўтган ҳафтада Осиё Чемпионлар лигаси 1/8 финалида юртимиз шарафини ҳимоя қилган бу жамоалар халқаро иштирокини якунлаган бўлса-да, «Ал-Иттиҳод» ва «Ал-Айн»га қарши ўйинлар Самвел Бабаян ва Рўзиқул Бердиев шогирдларига Суперлига старти учун яхшигина тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Қолаверса, ҳар икки клубнинг таништирув маросимида Қашқадарё ва Наманган вилояти ҳокими чемпионликдан бошқа натижа раҳбариятни қониқтирмаслигини футболчи ва мухлислар олдида эълон қилишди.
Суперлига Наманганда ўтадиган «Навбаҳор» ва «Динамо» ўйини билан бошланади. Бу ўйинда Самвел Бабаян ва Вадим Абрамов ўртасидаги мураббийлар тўқнашуви кузатилишининг ўзи ортиқча таърифга ҳожат қолдирмайди. Ҳа, мураббийлар олдидаги мақсад ва вазифа фарқ қилади. Бабаян икки мавсумдирки Наманган жамоасини чемпионлик сари етаклашга интилмоқда, таркибда йиғилган ижрочилар ОЧЛ ва Суперлига ғолиблиги учун чақирилган. Вадим Абрамов эса «Динамо»ни Про лигадан олиб чиқди ва энди дебютант бўлишига қарамай, чемпионатнинг «чақилмас ёнғоқ» жамоасига айланишини кутиш мумкин. Сабаби, Самарқанд жамоаси номдор таркибга бўлмаса-да, ўзини кўрсатишга шай бўлган, қайта имкониятни узоқ кутганлардан иборат. Мисол учун, Вадим Абрамов миллий жамоадан истеъфога чиқарилгач, унга кўп эшиклар ёпилди, карьерасида пасайиш кузатилди. «Динамо»даги натижаси орқалигина у ўз номи ва мавқеини тиклаши мумкинлигини яхши англаб турибди. Кўҳна шаҳарда муваффақиятга эриша олмаса, унга ортиқ бундай имкон бўлмаслиги мумкин. Унинг қўл остидаги Про лига голеадорлари Кожо Жоэл ва Анвар Ҳожимирзаев ҳам энди Суперлигада ўз кучини исботлаши талаб этилса, сўнгги икки йил «Навбаҳор» ва «Бунёдкор»да деярли имконият берилмаган Фаррух Икромовнинг ҳам барчага айтар сўзи борлиги аниқ. Самарқандликлар сафида мана шундай кўзида олов ёниб турган ўйинчилар талайгина. «Динамо» жамоаси ҳам сўнгги йиллардаги хатолардан хулоса қилиб, БАА ва Туркияда катта иштиёқ билан тайёргарлик кўрди. «Зенит», «Ростов», «Ал-Файҳа», «Динамо Тблиси», «Актобе» билан ўртоқлик ўйинлари «Навбаҳор»дек жамоага қарши муҳим баҳсга ас қотиши лозим.
Бу ўйинда фаворит аниқ - «Навбаҳор». Аммо «Динамо» ҳам мухлислар билан тўлиши кутилаётган Намангандаги ўйинда жиддий қаршилик кўрсата олишини кутиш мумкин.
Қаршидаги учрашувда ҳам кўпроқ мураббийлар номи биринчи планга чиқади. Рўзиқул Бердиев ва Темур Кападзе қўл остидаги жамоалар футбол ўйнашни хуш кўрадиган чиройли ва очиқ ўйин тарафдорларидир. Бу баҳсдан аввало мухлислар ютади. Қорли об-ҳаво шароитида ўтиши кутилаётган баҳс фаворити қаршиликлар эканига шубҳа йўқ. Суперлиганинг энг қимматбаҳо жамоаси энг арзон таркибга эга клубга қарши саф тортишининг ўзи ўртадаги тафовутни кўрсатиб тургандек. Шунга қарамай, Кападзе Қаршига расмиятчилик учун бормаслиги аниқ.
Суперлига. 1-тур. 1 март.
«НАВБАҲОР» - «ДИНАМО»
1 март, 18:30
Бош ҳакам: Раҳимбек Каримов
Ёрдамчи ҳакамлар: Тимур Гайнуллин ва Андрей Цапенко
Тўртинчи ҳакам: Хушнуд Суюнбоев
ВАР: Абдурашид Худойберганов
АВАР: Александр Сидоров
Назоратчи: Зокир Қодиров
Комиссар: Диёр Хотамқулов
Трансляция: Спорт
«НАСАФ» - «ОЛИМПИК»
1 март, 19:15
Бош ҳакам: Азиз Асимов
Ёрдамчи ҳакамлар: Санжар Шоюрупов, Алишер Усмонов
Тўртинчи ҳакам: Умиджон Нутфуллоев
ВАР: Аҳрор Рисқуллаев
АВАР: Аваз Абдуллаев
Назоратчи: Маъмур Саидқосимов
Комиссар: Қудрат Мадраимов
Трансляция: Foreign Languages.