Лучано Спалетти футболчиларга Италия миллий жамоасига PlayStation олиб келишни тақиқлади.
«Либос, қадриятлар, ғурур, масъулият — булар мен тасодифан ишлатадиган сўзлар эмас. Биз баъзи нарсаларни тозалашимиз керак. Бундан буён ўйинчилар PlayStation'ни уйда қолдиришади.
Миллий жамоа тўғри йўлда бўлиши, диққатни жамлаши ва чалғимаслиги керак.
Кучли жамоа тузишим керак. Мен Европа чемпионатида, кейин эса мундиалда ғолиб чиқишни хоҳлайман. Биз Германияга иштирок учун эмас, ғалаба қозониш учун боряпмиз. Тарихимиз шуни талаб қилади. Бунинг учун футболчилар яхшироқ бўлишлари керак. Йигитларга қўшимча нимадир ўргата олмайман, биз уларда олов ёқишимиз ва бу ишни қила олишларига ишонтиришимиз керак.
Мобил телефонлар? Бунга чидашим керак, лекин уларни массаж столида ёки тикланишлар пайтида ушлаб бўлмайди. Мен ўтмишдаги жамоавий учрашувларни, эски одатларни ва муҳитни қайтармоқчиман. Оддий ва фойдали нарсалар. Бунда менга Буффон ёрдам беради. Агар замонавийлик ўйин олдидан тунги соат 4га қадар Playstation ўйнашни англатса, бу унчалик зўр эмас.
Биз қаттиқ ишлашга ҳожат бўлмаган дунёда яшаяпмиз. Замонавий йигитлар бошларини пастга қўйиб педалларни босишдан кўра, инстаграмда сочлари билан суратларни жойлаштиришни афзал кўришади. Бу менинг Италиямга хос қадриятлар эмас.
Миллий жамоага кўзларингиз чақнаб, юрагингиз ёниб келишингиз керак. Футболчилар бўрилар тўдасига ўхшаб, бир-бирини кузатиб, жамоадошларини олдинга бошлашлари ва ҳеч кимни ортда қолдирмасликлари керак.
Италияликлар совуққон, масъулиятли, жасур жамоани талаб қилишади. Футболчилар жамоага Call of Duty'да ютиш учун эмас, Европа чемпионатида ғолиб чиқиш учун келишади», — деди «мовий гвардия» бош мураббийи.