24.02.2024 15:02
3520
«Ливерпул» ва «Челси» мавсумдаги биринчи соврин учун курашади, «Барса» ва «Бавария»да навбатдаги синов. Ҳафта ўйинлари анонси

Пайшанба куни еврокубоклардаги навбатдаги ўйинлар тугаб, жума куни Европа Лигасига қуръа ташланди, оқшомдан бошлаб эса миллий лигаларда навбатдаги тур ўйинлари бошлаб юборилди. Мана шундай тиғиз суръатда то март ойи охирларигача ажойиб футбол ўйинлари давом этади. Бу ҳафта ҳам жуда қизиқарли тўқнашувлардан ташқари, «Уэмбли»да финал ҳам бизни кутиб турибди.

БАРСЕЛОНА – ХЕТАФЕ (24 феврал, 22:30)

«Хетафе» турнир жадвали бўйича қараганда Испаниянинг энг ўртамиёнаси бўлиши мумкин, мадридликлар 10-ўринда, «Барселона» билан орадаги фарқ – 20 очко, ўйин Барселонада бўлади. Аммо ишонаверинг, бугунги муаммоли «Барселона» учун «Хетафе» ҳам услубан, ҳам вазият тақозоси билан энг ноқулай рақиб. Жамоаларнинг охирги 4 ўйинида атиги 1 та гол Педри томонидан урилгани, қолган уч ўйинда умуман ҳисоб очилмагани ҳам «Барселона»ни жиддий қаршилик кутаётганини тасаввур қилиш учун етарли. «Барса» мавсумда умуман осон ғалаба қўлга кирита олмаётганини ҳам ёдда тутиш лозим. Мезбонлар мухлислари учун умид берувчи яна бир статистика – «Барселона» 18 ўйиндан бери ўз майдонида «Хетафе»га мағлубиятга учрамаган – 14 ғалаба ва 4 дуранг.

Услуб тилга олингани ҳам бекорга эмас, «Хетафе» лигада энг қўпол жамоа саналади – шу пайтгача Бардалас шогирдлари 9 маротаба қизил карточкага лойиқ кўрилган. Таркибнинг аксарияти ҳали йигирма ёшгаям тўлмаганини эътиборга олсак, Хави бугунги таркибни танлашда буни эътиборга олишини ҳам кутиш мумкин. Зеро сўнгги 9 учрашувдан бери асосий таркибда тушаётган Ямал ниҳоят бу сафар дам олиши ҳақида хабарлар чиқди. Бундан ташқари, «Барселона» таркибида бирданига 4 футболчида 4 тадан сариқ карточка мавжуд. Яъни ушбу учрашувда рақиб провакациясига берилиб, қўпол ҳаракат қилса, Араухо, Канселу, Ромеу ва Левандовскилар кейинги ўйинга дисквалификацияга учраши мумкин. Кейинги ўйин эса Билбаода, асосий рақиблардан бири «Атлетик»га қарши.

«Хетафе» таркибида жароҳатлар йўқ, аксинча, «Барселона»га қарши ҳар қандай Мадрид жамоаси сингари, бор кучини намойиш қиладиган футболчилар бор. Масалан, асосий ҳужумчи Борха Майорал «Реал» тарбияланувчиси саналади. Хайме Мата эса ўз вақтида «Жирона» сафида ҳам тўп сурган, «Барселона» кўригидан қайтиб келган футболчилардан бири. Айниқса, Мэйсон Гринвуднинг ўйини ҳам ҳар икки томон учун қизиқ бўлса керак, зеро Гринвудни ёзда «МЮ» сотиши мумкинлиги, асосий харидорлардан бири сифатида эса «Барса» тилга олинаётгани ҳам сир эмас.

БАВАРИЯ – ЛЕЙПЦИГ (24 феврал, 22:30)

Қаторасига уч ўйинда мағлубиятга учраб, бир ҳафтада ҳам Чемпионлар Лигаси, ҳам Бундеслигадаги позициясини оғирлаштириб қўйган «Бавария»ни навбатдаги ўйинини кузатиш кўпчилик учун қизиқ бўлиши табиий. Кечаги ғалабадан сўнг «Байер» орадаги фарқни 11 тага етказиб олди, яъни ҳатто 8 очколик фарқни сақлаб қолиш учун ҳам мезбонларга ғалаба шарт. «Байер»нинг ҳозирги шаштидан келиб чиқсак, мюнхенликларда имконият бўлиши жуда қийин бўлса ҳам, сўнгги пайтгача таъқиб қилиш зарур эканини ўтган мавсум ҳам исботлаб берган. Эсингизда бўлса, Дортмунд жамоасининг охирги турдаги кутилмаган мағлубияти чемпионликни «Бавария»га тортиқ қилиб юборганди.

Тухелнинг ёзда кетиши ҳақида хабарлар ҳам балким жамоадан босимни бироз камайтирар, аммо мавсумни ҳеч қандай совринсиз якунлаш «Бавария» учун фалокат – охирги марта шундай мавсум 2012 йилда бўлган, аммо ўшанда ҳам «Бавария» Чемпионлар Лигаси финалигача етиб борганди. Қизиғи, агар соврин ҳисобига қўшсак, ўша мавсумни «Бавария» Германия Суперкубогидаги ғалаба билан бошлаган, аммо бу сафар айнан «Лейпциг» туфайли Тухел шогирдлари ёзда Суперкубокдан ҳам қуруқ қолишди. Чемпионатдаги ўзаро учрашувда эса «Лейпциг» биринчи таймдаёқ 2 гол урган, фақат иккинчи таймда меҳмонлар бурилиш ясаб, ҳисобни тенглаштира олганди – 2:2.Умуман олганда, охирги 4 ўйинда «Бавария» «Лейпциг» устидан ғалаба қозона олмаяпти.

«Лейпциг» учун ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Розе шогирдларида 22 ўйиндан сўнг, 40 очко бор ва бу 4-ўринни банд этиб турган «Боруссия»дан биттага кам холос. Ҳозирги рейтингдан келиб чиқсак, «Лейпциг» яхшигина жойлашиб олган бешинчи ўрин ҳам ЕЧЛ йўлланмасини беради, аммо бу рейтинг мавсум охиригача ўзгариши мумкин. Ўзгармаслиги учун эса, яна шу «Бавария» ва «Лейпциг» Чемпионлар Лигасида узоқроққа боришлари лозим бўлади.

Дарвоқе, Чемпионлар Лигасидаги ўз ўйинини «Лейпциг» ҳам рақиби сингари 0:1 ҳисобидаги мағлубият билан якунлаган бўлса-да, фарқли равишда, айтиш мумкинки, кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. «Реал»дек кучли ва тажрибали рақибга қарши «Лейпциг» устунлик қила олди ва ҳатто бемалол ғалаба қозониши мумкин эди.

Таркибларга тўхталсак, мезбонларда йўқотишлар кўпроқ. Ҳам Чемпионлар Лигаси, ҳам «Бохум»га қарши ўйинда қизил карточка олган Упамекано собиқ жамоасига қарши ўйинда майдонга туша олмайди. Мазруи эндигина жароҳатдан тузалганди, аммо ўтган учрашувда яна сафдан чиқди, январда унинг ўрнига олиб келинган Саша Боэ ҳам жароҳатланиб, бир ой шерикларига ёрдам бера олмайди. Меҳмонлар сафида эса Лукас Кластерман ўтган турда жароҳат туфайли алмаштирилганди, хабарларга кўра, у ҳам бир ой майдонга туша олмайди.

АРСЕНАЛ – НЮКАСЛ (25 февралга ўтар кечаси, 01:00)

АПЛ доирасида 2024 йилда бўлиб ўтган бешала учрашувни ҳам ўз фойдасига ҳал қилган ва беш ўйинда жами 21 та гол урган «Арсенал» негадир бошқа мусобақаларда ўша даражани кўрсата олмаяпти. Январда «Ливерпул»дан ўз майдонида ютқазиб, Англия кубогидан чиқиб кетган бўлса, ҳафта ўртасида ЕЧЛ учрашувини Португалияда бой бериб қўйди. Чемпионлар Лигаси фаворитларидан бири сифатида эътироф этилаётган «Арсенал» «Порту» дарвозасига бирорта ҳам аниқ зарба бера олмади.

Навбатдаги рақиб – «Нюкасл» ҳам савия жиҳатидан «Порту»дан кам эмас, ҳатто анча кучлироқ бўлиши мумкин. Ўтган мавсумда ҳам Ҳау жамоасига қарши уй учрашувида Артета шогирдлари 0:0 ҳисобига рози бўлгандилар. Биринчи даврадаги ўзаро ўйин эса анча жанжалли якунланган, «Нюкасл» томонидан урилган ягона ғалаба голи VAR туфайли кўп норозиликлар келтириб чиқарганди. Умуман олганда, «Арсенал» – «Нюкасл» тўқнашуви АПЛ учун тарихий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга: эсласангиз, 2011 йилда «Арсенал» сафарда 4:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган ўйин, якунда 4:4 ҳисобида ниҳоясига етганди.

«Нюкасл» мавсум бошидаги тахминларни оқлаган ҳолда, ўта беқарор натижалар кўрсатмоқда. Жамоа алоҳида ўйинларда анча кучли, мавсумдаги «ПСЖ», «Арсенал», «Ливерпул», «МЮ»га қарши учрашувлар бу фараз учун яққол исбот – лекин бу даражани доим намойиш этиш учун Ҳауга ресурс етмаяпти. Ўтган йили «Нюкасл» фақат бир мусобақада қатнашган, АПЛда энг барқарор жамоалардан бири эди. Бу сафар ўйинлар кўпайди, шу билан бирга жароҳатлар ҳам. Натижада, ўтган йили энг кам гол ўтказган «Нюкасл» ҳозир бу кўрсаткичлар бўйича 12-ўринда, турнир жадвалида эса, Топ-4 дан 12 очко ортда қолган ҳолда, 8-ўринда бормоқда. Бу ўйиндаги мағлубият жамоани 11-ўринга ҳам тушириб юбориши мумкин.

Таркиблар борасида «Арсенал»да янги йўқотишларда Жезус ва Зинченко бор, шунингдек, Томас Парти ҳам яна бир неча кун шерикларига ёрдам бера олмайди. «Нюкасл» эса асосий ижрочилардан Жоалинтон ва Исаакларсиз майдонга тушади. Табиийки, «Нюкасл» охирги ўйинини бир ҳафта аввал ўтказгани, «Арсенал» эса, юқорида айтилгандек, Португалияда оғир учрашув ўтказгани жисмоний тарафдан меҳмонлар имкониятини ошириши мумкин.

ЧЕЛСИ – ЛИВЕРПУЛ (25 феврал, 20:00)

Англияда тур ўйинларидан ташқари, Лига кубоги финали ҳам шу ҳафта ўтказилади. Сўнгги йилларда финаллар учун классикага айланиб улгурган жуфтлик бу сафар ҳам орани очиқ қиладилар. Эсингизда бўлса, икки йил олдин ҳар икки кубок финалида «Ливерпул» ва «Челси» тўқнаш келган ва ҳар икки ўйинда ҳам ҳисоб очилмай, пеналтилар сериясида Клопп шогирдларининг қўли баланд келганди.

Умуман, то шу ойнинг бошида «Ливерпул» «Энфилд»да рақибини 4:1 ютгунча, қаторасига 7 ўзаро ўйинда жамоалар фақат дуранг натида қайд этгандилар. Эсланган мазкур учрашув «Ливерпул»нинг яққол устунлигида ўтиб, ҳар жиҳатдан «Челси»дан устунлигини намойиш эта олганини таъкидлаш керак. Аммо айтиш мумкинки, «Ливерпул» таркибидаги муаммолар балким ўша даражани намойиш қилишга ҳалақит бериши мумкин.

Аввало, Салоҳ билан Нунес – аслида жиддий жароҳат ҳақида хабарлар бўлмаса-да, Клопп ҳафта ўртасидаги «Лутон»га қарши ўйинда уларни қайдномага киритмади. Албатта, ҳар икки футболчи ҳозир жамоа билан бирга, аммо қай даражада тайёр экани бироз шубҳа остида турибди. Айниқса, терма жамоадан жароҳат билан келган Салоҳ борасида бироз эхтиёткорлик талаб қилинади. Нунес эса, катта эҳтимол майдонга тушиши керак, зеро клуб расмий аккаунти ҳам айнан Дарвиннинг расми билан ўйинни эълон қилди. Сабослаи, Трент, Матип ва Жота узоқ муддатга сафдан чиқишган, Алисон Бекер ҳам энг яқин терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг қайтади. Бунинг устига Кетрин Жонснинг ҳам жароҳати ортиқча бўлди. Хуллас, агар ҳамма соғ бўлса, майдонда бўлиши аниқ бўлган камида 4-5 футболчи Клоппга ёрдам бера олмайди. Албатта, бу борада «Челси»га хавас қилиш мумкин эмас, Почеттино айнан шу режимда мавсум бошидан бери ўйнашга мажбур бўлмоқда. Биз билган эски жароҳатлардан ташқари, Тиаго Силванинг ҳам ушбу учрашувга тайёр экани шубҳа остида.

Аммо шуни айтиш мумкинки, ўтган ўйиндан фарқли равишда бу сафар «Челси»нинг имкониятлари юқори бўлиши керак. Биринчидан, ўйин «Энфилд» эмас, «Уэмбли»да бўлиб ўтади. Иккинчидан, юқори тилга олинган жароҳатлар билан ҳам «Ливерпул» «Лутон»га қарши энг яхши таймлардан бирини ўтказган бўлса-да, 1-таймда «Лутон» жуда муносиб қаршилик кўрсата олди ва ҳатто ҳисобда олдинда бораётганди. Табиийки, «Челси» анча кучлироқ ижрочиларга эга.

Финалдаги яна бир яққол интригалардан бири Клопнинг «Ливерпул»даги сўнгги мавсум эканидир. Тўғри, жамоа Лига кубогидан ташқари, яна учта соврин учун курашни давом эттирмоқда, ўша турнирларда жамоа ҳали йўлнинг бошида эканини инобатга олиш керак. Яъни, Клопп учун бу ўйин жамоасидаги охирги финал ва ҳатто балки охирги соврин бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Жамоа билан деярли барча совринларда ютган Клопп учун, агар ўйин охирида совринни қўлга киритишса, ўзгача ҳиссиёт бўлиши табиий. Албатта, финалдаги ютук «Ливерпул»га кейинги ўйинлар ва мусобақалар учун ажойиб мотивация бўлади.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

24 феврал. АСТОН ВИЛЛА – Ноттингем Форест (20:00), МЮ – Фулҳэм (20:00), Борнмут – МАНЧЕСТЕР СИТИ (22:30), Алмерия – АТЛЕТИКО (25 февралга ўтар кечаси, 01:00)

25 феврал.ЮВЕНТУС – Фрозиноне (16:30), ПСЖ – Ренн (21:05), БОРУССИЯ Д – Ҳоффенҳайм (21:30), МИЛАН – АТАЛАНТА (25 февралга ўтар кечаси, 00:45), РЕАЛ – Севилья (25 февралга ўтар кечаси, 01:00).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар