«Барселона» бош мураббийи Хави ЕЧЛ 1/8 финалидан ўрин олган «Наполи» билан ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
«Кетишимни эълон қилмагандек ишлайман. Чиндан ҳам шижоатга тўламан, ҳеч нарса ўзгармади. Босим ўша-ўша.
«Наполи» — кучли рақиб, айниқса, ҳужумюаги учлиги билан. Биз учун яхши ҳимояланиш ва қарши ҳужумларга йўл қўймаслик принципиал жиҳатдан муҳим. Қийин бўлади.
Бундан кейин нима бўлишини ўйламаймиз. Асосий мақсадимиз — чоракфиналга чиқиш. Жамоада бирдамлик бор, реакция жуда яхши, жумладан, президент ва Декудан. Кийиниш хонасидаги муҳитдан мамнунман.
Ҳар доимгидек ғалаба учун майдонга чиқамиз, чунки биз «Барселона»миз ва дуранг яхши натижа эмас. Айнан шу кайфият билан келдик. Агар дуранг қайд этилса, вазиятни кўриб чиқишга тўғри келади. Олдинда уй ўйини борлигини ҳам унутмаслигимиз керак.
Ҳозир келажагим хавф остида эканлигини ҳис қилмаяпман. Менда катта умидлар ва мотивация бор.
Биз учун бу қарама-қаршилик ҳаяжон, умид ва чоракфиналга чиқиш истаги билан боғлиқ. Бу — клублар миқёсидаги асосий турнир. Нима қила олишимизни намойиш қилиш учун энг зўр саҳнадир.
«Наполи»да кутилмаганда мураббий алмашди, аммо бу мутахассис (Франческо Калцона) жамоани билади. Бу — биз учун қийин вазият, чунки рақиб мураббийини алмаштирганидан кейин қандай ўйнашини билмаймиз. Биз скудетто ғолиби билан учрашамиз.
Имкониятлар 50/50. «Наполи» энг яхши мавсумини ўтказмаяпти, биз ҳам беқарормиз. Аммо ҳар қанча гапирилмасин, бефойда. Ҳаммасини майдонда айтишимиз керак. Чоракфинал сари интиламиз.
Чемпионлар Лигаси биз учун сўнгги йилларда тугалланмаган ишдир. Яхши ўйин кўрсата оламизми ёки йўқ, кўрамиз», — дея каталонияликлар устозининг сўзларини келтиради Mundo Deportivo.
«Наполи» — «Барселона» баҳси бугун, 21 феврал куни бўлиб ўтади ва беллашув Тошкент вақти билан 22 февралга ўтганда — 01:00да бошланади.