2023 йилги мавсум якунларига кўра, Суперлигани тарк этган «Бухоро» клубининг уй стадиони бузилиши бошланди.
Кўҳна шаҳар қоқ марказида бўлган «Бухоро спорт мажмуи комплекси» ичидаги 22 700 томошабин сиғимига эга ўйингоҳни ташқи томондан бузиш ишлари бошланган. Tribuna.uz манбасига кўра, стадион электр таъминотидан узилиб, ишчи ходимлар ўйингоҳдаги хоналарни бўшатган.
Стадион бузилиши ортидан «Бухоро» клуби Про лига 2024 йилги мавсумини қайси стадионда ўтказилиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Бунгача ушбу ўйингоҳда ўйинларини ўтказаётган «Ғиждувон» клуби ЎФА ва ПФЛ томонидан Про лига-2024 иштирокчилари рўйхатидан ўчирилганди.
Аввалроқ, Бухородаги стадион бошқа жойга кўчирилиши, туризм маркази айнан стадион ва унинг атрофида қурилиши маълум қилинганди. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов 20 минг кишилик янги марказий стадион Бухородаги 6-микрорайон ҳудудида қурилишини айтиб, 5-6 гектар ер автотураргоҳлар учун ажратилишини маълум қилганди.
Вилоят бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддинов ҳам Бухоро спорт мажмуаси эскиргани, юқори балкон қисми авария ҳолатида экани, кўп томошабинларни жойлаштириш хавф туғдириши ҳақида маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, «Бухоро» клубининг уй стадиони саналмиш ушбу арена 2022 йилда Ўзбекистон кубоги финалига мезбонлик қилганди. «Бухоро» клубидан ташқари, Про лиганинг «Ғиждувон» клуби ҳам уй ўйинларини ушбу стадионда ўтказиб келаётганди.