Виктор Осимҳен «Барселона»га қарши Чемпионлар Лигаси 1/8 финалининг дастлабки баҳсини ўтказиб юбориши мумкин.
Бу ҳақда «Наполи» бош мураббийи Валтер Мадзарри маълум қилди.
Форвард неаполликларнинг «Женоа» билан ўйинини (1:1) ўтказиб юборди. Бир нечта ОАВ хабарларига кўра, нигериялик футболчининг ўзи буни сўраган.
Африка Кубогида иштирок этган ҳужумчи пайшанба куни кечқурун Неаполга қайтиб келди ва жума куни жамоа билан машғулот ўтказди.
«У тайёр бўлишига умид қилишимиз мумкин, аммо унинг иштироки номаълум. Шифокорлар ва Викторнинг айтишича, у тайёр эмас, мушаклари билан боғлиқ муаммолар бор.
Африка Кубогидан кейин Викторни хавф остига қўйиш аҳмоқлик бўларди, акс ҳолда у яна бир неча ой майдонга туша олмасди. У якшанба куни машғулот ўтказади ва умид қиламизки, «Барселона»га қарши ўйинга тайёр бўлади», - деди Мадзарри.
Аввалроқ Sky Sport Italia журналисти Паоло Кондо Осимҳен Италияга тезроқ етиб бориши учун уни шахсий самолёт билан таъминламаган «Наполи»ни танқид қилганди.
«Наполи» – «Барселона» баҳси 21 феврал куни бўлиб ўтади.