17.02.2024 19:59
3250
«Бухоро» клубидан трансфер тақиқи ечилди. «Навбаҳор», «Нефтчи» ва «Сўғдиёна»да тақиқ сақланиб қолмоқда

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси «Бухоро» клуби қарздорлик масаласини ҳал қилгани ва жамоадан трансфер тақиқи олиб ташланганини маълум қилди.

«Бухоро» клуби футболчилар билан ҳисоб-китоб қилгани Ўзбекистон футболчилари уюшмаси томонидан тасдиқланди. Шунингдек, клуб Лига олдидаги мажбуриятларини ҳам бажарди.  

Шундан келиб чиқиб, Бухоро футбол клубига қўйилган трансфер тақиқи олиб ташланди. 18 февралдан бошлаб клуб MyLeague платформаси орқали янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиши мумкин. 

Эндиликда клуб 2024 йилги харажатлар сметасини ЎФА билан келишиши талаб этилади. Мазкур келишув асосида харажатлар сметаси ҳомий ташкилот томонидан тасдиқлангач, клубга Лига рўйхатидан ўтган янги футболчилар лицензияси тақдим этилади. 

Шунингдек, «Бухоро» клубининг кейинги 3 йил учун мўлжалланган ривожланиш дастури ишлаб чиқилади ҳамда клубнинг кейинги фаолияти мазкур дастур асосида тартибга солинади. Дастурдан Ассоциация ҳамда Лига талаби асосида клуб инфратузилмаси ва моддий-техник базасини ривожлантиришга доир қатор бандлар ўрин олади. Шу асосда ҳомий ташкилот томонидан ажратиладиган маблағнинг биринчи навбатда дастур асосида йўналтирилиши мониторинг қилиб борилади.   

Маълумот учун, ЎФА Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси томонидан қўйилган тақиқ «Навбаҳор», «Нефтчи», «Сўғдиёна» ҳамда Биринчи лиганинг 5 та клубига нисбатан сақланиб қолмоқда. Айни вақтда «Навбаҳор» ва «Нефтчи» мазкур тақиқни ечиш устида ишламоқда.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар