«Спартак» клуби ва Нидерландия миллий жамоаси аъзоси Квинси Промес наркотик моддаларнинг савдоси бўйича айбдор деб топилди.
Москванинг «Спартак» клуби вингери Нидерландияда суд қарорига кўра, 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
32 ёшли нидерландиялик футболчи 2020 йилда Белгия портларидан бирида қўлга олинган жами 1362 килограмм кокаин контрабандасига алоқадорликда гумонланаётган эди. Тергов жараёнида Промеснинг кокаин моддасининг контрабанда йўллари орқали ташиган жиноятчиларга 200 минг евро бергани аниқланган. У гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиб келган жиноятчи Пит Вортелга 200 минг евро бериб, савдолардан кейин 6 миллион евро қилиб қайтариб олишни режалаштиргани аниқланган.
Промеснинг адвокатлари футболчи тез орада апелляция беришини маълум қилган.
Маълумот учун, Промес жорий мавсум Россия Премьер-лигасида 17 ўйинда 6та гол ва шунча ассистга муаллифлик қилган. Квинсининг жиноят ишида гумонланаётгани ортидан футболчи 2021 йилдан буён Нидерландия миллий жамоасига чақирилмаяпти.