Осиё ва Африка кубоги финалларидан ташқари, Европада ҳам миллий чемпионатлар қизиқарли учрашувлар остонасида турибди. Германия ва Испанияда пешқадам жамоани аниқлайдиган муҳим ўйинлар, Даниеле де Россининг Римдаги дастлабки жиддий синови, хуллас, бу сафар ҳам бешта энг яхшисини танлаб олиш осон бўлмади.
РОМА – ИНТЕР (10 феврал, 22:00)
“Рома” ўз афсонаси Даниеле де Россини бош мураббий этиб тайинлаганидан сўнг, қаторасига уч ўйинда ғалаба қозонди. Албатта, клуб мураббийни жуда вақтида алмаштирди ҳам, чунки қаторасига кучли рақиблар билан ўйинлардаги негатив Жозе Моуринио билан кетиб, анча қулай бўлган тақвимда де Росси шогирдлари билан танишиб олди. Ёш мураббий учун ҳақиқий маънодаги жиддий синов энди бошланади – А Серия пешқадами “Интер” Римда меҳмон бўлади.
“Интер” нафақат Италия, балки кучли бешликнинг энг барқарор жамоаларидан бири бўлиб турибди. Йўқотилган очколар бўйича ҳисоблаганда, фақат “Байер” яхшироқ кўрсаткичга эга. Айниқса сафар ўйинларида миланликлар янада ишончли ўйин намойиш этмоқда – 11 учрашувдан атиги икки дуранг ва тўққиз ғалаба. Лигада учинчи кўрсаткични қайд этган. Шу ўринда “Рома” ҳам ўз майдонида анча кучли ўйин кўрсатишини ҳам таъкидлаш лозим. Бу борада жамоа айнан Римдаги ўзаро учрашувларда ҳам “Интер” 2016 йилдан буён мағлубият нималигини билмай келяпти. Хусусан сўнгги икки ўйинда умумий ҳисобда 5:0 тўплар фарқи билан меҳмонлар икки ғалабага эришган. Ушбу мавсумдаги биринчи давра ўйинида эса, Маркус Тюрамнинг ўйин охирларида урган ягона голи учрашув тақдирини ҳал қилганди.
Таркибларга келсак, “Рома”да йўқотишлар йўқ. Мавсум бошида сафдан чиққан Крис Смоллинг машғулотларга қайтгани ва бу ўйин қайдномасидан жой олиши мумкинлиги мезбонлар учун ижобий янгилик. “Интер” сафида эса ҳам Хуан Куадрадо тикланиб улгургани йўқ. Шунингдек, Давиде Фраттезида мушаклар билан боғлиқ муаммо бор.
Дарвоқе, келаси ҳафтада “Рома”ни Европа Лигасида муҳим учрашув кутиб турибди. Жамоа ушбу турнир плей-оффида “Фейенорд”га қарши тўп суради. “Рома” нидерландияликлар билан икки йил олдин Конференциялар кубоги финалида (1:0), ўтган мавсумда эса, Европа Лигаси чорак финалида куч синашганди. “Интер”ни ҳам ЕЧЛ да “Атлетико”га қарши қийин ўйинлар кутиб турибди, аммо Симеоне жамоаси илк ўйинини 21 февралда ўтказади.
РЕАЛ – ЖИРОНА (10 феврал, 22:30)
Қизиқ ҳолат, бугун ҳам Германияда, ҳам Испанияда турнир жадвалини бошқариб турган пешқадамларнинг ўзаро ўйини айнан бир вақтда ўтказилар экан. Таъбга қараб танлаб кўриш мумкин.
Ўтган турда “Реал” ҳам, “Жирона” ҳам дуранг ўйнагач, ўртадаги минимал фарқ сақланиб қолди ва асосий масала ўзаро баҳсда ҳал бўладиган кўринади. Бу ўйиндаги ғалаба “Жирона”ни соф биринчи ўрин эгасига айлантиради, аксинча, агар мезбонлар ғалаба қозонадиган бўлса, ўртадаги фарқни 5 тага етказиши мумкин. Бошланаётган еврокубоклар олдидан хато қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш, яъни жиддий фарқ билан пешқадамга айланиб олиш Анчелотти жамоаси учун айни муддао, албатта.
Осон бўлмаслиги шубҳасиз, зеро Мадридда ўтган охирги икки учрашувда мезбонлар “Жирона” устидан ғалаба қозона олмаган. “Жирона” Ла Лигага қайтган ўтган йилги мавсумда ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Биринчи даврадаги “Реал”нинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси чалғитмаслиги керак, чунки ўша учрашувда мадридликлар у қадар яққол устунликка эга бўлмаганди. Зарбалар сони, тўп назорати, яратилган хавфли вазиятлар бўйича ҳам тенглик юзага келган, фақат меҳмонлар ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланишнинг уддасидан чиққанди. Ўша мағлубият “Жирона” учун мавсумдаги ягона бўлиб тургани ҳам каталонияликларнинг анча жиддий кучга айланганидан дарак бермоқда. Бу сафар бошқачароқ, ҳар икки томондан ҳам муносиб кураш кўришга умид қилсак бўлади, лиганинг энг кўп гол урган икки жамоаси тўқнаш келади ахир. “Жирона”нинг сафар ўйинларида айниқса, кучли экани, 11 ўйиндан 8 тасини ўз фойдасига ҳал қилгани ҳам “Реал”га осон бўлмаслигини англатади. Мичел шогирдлари яқинда ҳатто “Барселона” устидан сафарда ғалабага эришгандилар – 4:2.
“Реал” таркибида навбатдаги марказий ҳимоячи Начо ҳам жароҳат олди ва катта эҳтимол билан “Жирона”га қарши ўйинда Рюдигерга Тчуамени шерик бўлиши мумкин. Ёки ушбу ўйин қайдномасига киритилган Хакобо Рамон мадридликлар сафида дебют қилиши ҳам мумкин. “Душман тарафда” ҳар ўйинда биттадан академиянинг янги аъзоси майдонга тушаётган бир пайтда Мадрид ҳам ўзини кўрсатиши керак, тўғрими? Рамон, 19 ёшда, бўйи 1.95 метр бўлган ёш футболчи, муҳим ўйинда кузатиш анча қизиқ бўлади.
Меҳмонларнинг йўқотишлари бирмунча жиддийроқ. Дэйли Блинд, ҳимоя чизиғи етакчиларидан бири, “Сосиедад”га қарши ўйинда навбатдаги сариқ карточкасини олди ва ушбу ўйин учун дисквалификация қилинди. Худди шундай ҳолатга Анхел Эррера ҳам тушиб қолган. Хуан Карлосда кичик жароҳат бор, аммо Давид Лопес икки ойлик танаффусдан сўнг майдонга қайтиши мумкин. Бундан ташқари, меҳмонлар бош мураббийи Мичел ҳам шогирдларини майдон четидан туриб бошқара олмайди. У сўнгги тур ўйинида ҳакам томонидан қизил карточкага лойиқ кўрилганди.
БАЙЕР – БАВАРИЯ (10 феврал, 22:30)
Албатта, “Жирона”нинг шиддатли ўйини ёқса ёки “Реал” мухлиси бўлсангиз, қайси ўйинни танлашингиз маълум, аммо ғирт тактик завқ олиш, айни дамда тенг кучли бўлган икки рақибнинг ва мос мураббийларнинг ўзаро шахмат ўйинидан баҳраманд бўлишни истасангиз, Бундеслига сизга мунтазир. Зеро агар бу мавсумда Германиядаги қайсидир ўйинларни кўриш ниятингиз бўлса, асосий номзод – Ливеркузендаги суперматч.
Тўғри, ўтган йили “Боруссия” ҳам сўнгги турларгача “Бавария” билан чемпионлик учун рақобат қилганди, эслаймиз, аммо “Байер” бошқача кетяпти – Алонсо жамоаси муаммоларга тушиб қолган “Бавария” билан эмас, ҳар томонлама жойида бўлган, ҳатто Ҳарри Кейннинг келиши билан балким кучайган “Бавария” билан рақобатга киришган. “Байер” нафақат Германияда, балким кучли бешликда ҳали мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб турибди. Фақат чемпионатда эмас, Европа Лигасига, Германия кубоги баҳсларида ҳам “Байер” ҳали мағлубият нималигини билмайган ва курашни давом эттиряпти. Турнир жадвалида айни пайтда “Байер” рақибидан 2 очко олдинда боряпти ва бу фарқни ошириш имкониятига эга. Хуллас, худди Испаниядаги каби сценарий.
“Байер” “Бавария” билан тенгма-тенг кураша олишини ҳатто Мюнхенда ҳисобда орқада бориб ҳам исботлаганди. Ўша ўйин қисман меҳмонларнинг ташаббуси остида ўтиб, икки марта “Байер” ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлган. Умуман бу мавсумда роллар алмашиб қолгандек, “Байер” кўпроқ тўп назорати, ташаббускор футболга таянаётган бўлса, “Бавария”нинг ўйини анча соддалашган ва кўпроқ қарши ҳужумларда, Ҳарри Кейннинг устунликлари эвазига вазиятлар яратишда давом этяпти.
Мезбонлар таркибида табиийки, энг сермаҳсул ҳужумчи Бонифасенинг йўқлигини сўнгги ойларда билиняпти, аммо футболчилар, ҳатто ҳимоячилар ҳам керакли пайтда вазиятни ўз қўлига олиб, навбати билан гол ураётганини эътироф этиш керак. “Бетис”дан мажбуран ижарага олинган Борха Иглесиас ниҳоят ўзини кўрсатиши керак. Ёки Патрик Шик, аслида Бонифаседан ҳам асосий ҳужумчи сифатида кўрилганди, аммо ўша Бонифасе жароҳат олган декабр оқшомидаги хет-трикдан кейин чехиялик ҳужумчи гол урмай қўйди. Шунингдек, Паласиос ой охиригача сафдан чиққан, етакчи ҳимоячилардан бири Коссуну эса, терма жамоаси билан бирга Африка Миллатлар кубогида бўлиб турибди. Меҳмонлар таркибида эса, Дейвис, Коман, Лаймер, ҳамда Гнабриларда турли жароҳатлар бор. Аммо айтиш мумкинки, меҳмонлар Ливеркузенда анча жанговор ва оптимал таркибни тушириш имконига эга.
АСТОН ВИЛЛА – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (11 феврал, 21:30)
“Астон Вилла” қарийб бир йил олдин, 2023 йилнинг февралида ўз майдонида мағлубият нималигини билмай келаётганди. Бу серия Бирминҳэмдаги аввалги ўйинда “Ньюкасл” билан бузилди – Эмери шогирдлари 1:3 ҳисобида мағлубиятга учрадилар. Бир ҳафта ўтиб, энди Англия кубоги доирасидаги баҳсда энди “Челси”га худди шу ҳисобда имконият бой берилди. Умуман АПЛ доирасидаги охирги 6 учрашувнинг атиги 2 тасида, у ҳам бўлса, турнир жадвалидаги сўнгги икки жамоа устидан ғалаба қозонилганини эътироф этсак, Эмери жамоасида кичик пасайиш кузатилаётганини кўришимиз мумкин. “Манчестер Юнайтед” эса аксинча, бир қатор етакчи футболчиларнинг таркибга қайтиши, шунингдек, ҳужум чизиғидаги футболчиларнинг яхши формага кириб олганини ҳисобига сўнгги пайтларда натижаларни ижобий томонга ўзгартиришга эриша олди. Жумладан, АПЛ доирасигади охирги икки ўйинда учтадан очко қўлга киритилди.
Оқибатда, ҳозирда жамоаларни атиги 6 очко ажратиб турибди. Бу дегани, агар тен Ҳаг шогирдлари меҳмонда ғалаба қозонадиган бўлса, фарқ уч очкога қисқаради ва Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашда ҳаммаси мураккаблашиб кетиши мумкин. Демак ҳар икки томон учун ҳам турнир нуқтаи назаридан ўта аҳамиятли баҳс кутиб турганини таъкидлаш лозим.
Сафарда ғалаба қозониш деганда, албатта, “МЮ” айниқса, турнир жадвалида юқори ўринларда турган рақибларга қарши, тен Ҳаг бошқарувида бирорта ҳам ғалабага эришмагани ҳам, “МЮ” Эмерининг “Астон Вилла”сини ҳеч қачон сафарда мағлуб эта олмагани ҳам факт. Сўнгги уч ўйин манчестерликларнинг ғалабаси билан якунланган, аммо учала ўйин ҳам “Олд Траффорд”да бўлганини ҳам унутмайлик. Бирмингҳэмдаги охирги ўзаро учрашув 3:1 ҳисобида мезбонларнинг ишончли ғалабаси билан тугаган. Дарвоқе, ўша ўйин Унаи Эмерининг “Астон Вилла” мураббийи сифатидаги илк ўйини эди. Қарангки, аутсайдерлар орасида юрган жамоани қабул қилиб олган испаниялик мутахассис бир йил ичида Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун асосий даъвогарлардан бирига айлантирди.
Мезбонлар сафида Буэндия ва Тайрон Мингзнинг ўйнамаслиги аниқ. Шунингдек, катта эҳтимол билан Люка Дин ҳам бу ўйинга тайёр бўла олмаслиги эҳтимоли катта. Меҳмонлар сафида эса Маунт, Маласия, Марсиялларга яна бошқа “М” – Мартинес ҳам қўшилгани чакки бўлди. Ушбу ҳимоячининг сафга қайтиши жамоа ўйинини бутунлай бошқа даражага олиб чиққанди, аммо аргентиналик ҳимоячи яна икки ой майдонга туша олмайдиган бўлди. Бундан ташқари, Аарон ван Биссака ва Виктор Линделофларнинг ҳали тўлиқ тикланиб улгурмаганини матбуот анжуманида Эрик тен Ҳаг маълум қилган.
МИЛАН – НАПОЛИ (12 февралга ўтар кечаси, 00:45)
Янги мавсумда ўзига ўхшамаётган жамоалардан яна бири “Наполи”, катта фарқ билан А Серияда ғолиб чиққан жамоа ҳозирда ўтказган ўйинларининг ярмида ҳам ғалаба қозона олмаган ва турнир жадвалида 7-ўринда бормоқда. Тўғри, кучли тўртлик билан фарқ катта эмас, тўрт очко, лекин агар учлик билан, яъни “Милан” билан орадаги фарққа қарасак, 14 очкони, пешқадам “Интер” билан эса, 22 очкони ташкил қилмоқда. Амалдаги чемпион учун бу жуда кўп.
“Ювентус” “Интер”дан ютқазгач, “Милан”да иккинчи ўринга яқинлашиш имкони туғилди. Албатта, ўз ўйинларини ютиб, чемпионликдан ҳам умид қилиш мумкинлигини ёдда тутган ҳолда “Милан” ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушиши турган гап. “Наполи”нинг беш ўйиндан бери сафарда ғалаба қозона олмаётгани, тўрт ўйиндан бери эса, умуман гол ура олмаётганини инобатга олсак, “Милан”нинг имкониятлари яхшироқ эканини эътироф этиш лозим. Миланликлар ноябрдан буён ўз майдонида мағлубиятга учрагани йўқ. Италия кубоги доирасидаги “Аталанта”дан мағлубият ҳисоб эмас, албатта.
“Наполи” билан ўзаро ўйинларда эса “Милан” ўз майдонида қаторасига уч ўйиндан бери А Серия доирасида мағлубиятга учраб келяпти. Орада Чемпионлар Лигаси чоракфиналида миланликлар “Наполи”ни курашдан чиқариб юборганини ҳам унутмаслик керак. Умуман охирги йилларни оладиган бўлсак, ўзаро ўйинларда меҳмонларда бироз устунлик бор – охирги 30 учрашувдан 12 тасида “Наполи”нинг қўли баланд келган. 8 учрашув “Милан”нинг ғалабаси билан якунланган.
“Милан” сафида Саму Чуквезе шерикларига ёрдам бера олмайди. У Нигерия миллий жамоаси билан биргаликда Африка Миллатлар кубоги финалига чиққан. Чуквезенинг ҳамюрти Виктор Осимҳэн ҳам худди шу сабаб билан “Наполи” сафида майдонга тушмайди. Меҳмонлар сафида шунингдек, Мариу Руй сариқ карточкалари кўпайиб кетгани туфайли дисквалификацияга эга.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
10 феврал. МАНЧЕСТЕР СИТИ – Эвертон (17:30), ЛИВЕРПУЛ – Бёрнли (20:00), ТОТТЕНҲЭМ – Брайтон (20:00), Ноттингем Форест – НЬЮКАСЛ (22:30), ПСЖ – Лилл (11 февралга ўтар кечаси, 01:00)
11 феврал. Вест Ҳэм – АРСЕНАЛ (19:00), Севилья – АТЛЕТИКО (22:30), БАРСЕЛОНА – Гранада (12 февралга ўтар кечаси, 01:00).