2023 йилнинг майида ОФК лицензиялаш талабларини бажара олган клублар номига ойдинлик киритди. Ўзбекистон бу борада 17 талик кўрсаткич билан қитъада етакчи бўлди. Суперлига клублари орасидан фақатгина «Сурхон» қарздорлик масаласи мавжудлиги оқибатида лицензияга эга чиқа олмади, дея хабар беради ПФЛ расмий сайти.
“Суперлига ва Пролига регламенти”нинг 10.2-бандига кўра, бундай ҳолатда футбол клуби қайси ўринни эгаллашидан қатъи назар мусобақадан четлатилиши лозим. Шунингдек, “Суперлига ва Пролига регламенти”нинг 10.4-бандига кўра, ОФК лицензиясини қўлга кирита олмаган футбол клуби трансфер ойнасида фақатгина маҳаллий футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Ўз-ўзидан «Сурхон» 2023 йилнинг ёзги трансфер ойнасида легионер футболчилар билан ишлай олмади. Клубнинг Суперлигадаги ўрни масаласи эса Ассоциация ҳамда Лига иштирокидаги йиғилишда кўриб чиқилди.
Клубда юзага келган қарздорлик масаласи мураккаб бўлиб, у аввалги раҳбариятнинг тартибсиз ва нотўғри ишлаши оқибатида вужудга келган. Мазкур ҳолат «Сурхон» клубини хусусийлаштириш масаласининг ортга сурилишига ҳамда таъкидланганидек, янги раҳбарият билан ишлаётган жамоанинг лицензиялашдан муваффақиятли ўтишига тўсқинлик қилди. Ҳолат Сурхондарё вилоят ҳокимлиги томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилгач, тегишли чоралар кўрилди (бу ҳақда кейинроқ батафсил маълумот берилади).
Ўзбекистон футболчилари уюшмаси билан ҳамкорликда ҳозирга қадар қарздорлик мавжуд бўлган 37 кишидан 24 нафари билан ҳисоб-китоб қилинди. Қолган қарздорлик билан боғлиқ масала тегишли органлар назоратида бўлиб турибди. Ассоциация ва Лига иштирокидаги йиғилишда вазият таҳлил қилиб чиқилди. Бугунга келиб мазкур ҳолатга олиб келган сабаблар аниқланган бўлиб, унга нисбатан тегишли чора кўриш ишлари олиб борилмоқда. «Сурхон»ни 2022 ҳамда 2023 йилги мавсумлар давомида молиялаштириб келган янги раҳбарият эса клуб инфратузилмасини шакллантириш, молиявий барқарорликни таъминлаш, маъмурий бошқарув фаолиятини ривожлантириш йўлида дадил қадам ташлай олди. ФИФА талабларидан келиб чиқиб, Ассоциация ҳамда Лига «Сурхон» жамоаси билан боғлиқ қарздорликлар масаласи тўла эчилмагунига қадар, Футболчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ҳолатни кузатиб боради. Бироқ сўнгги икки йилда ҳар тарафлама ривожланиб бораётган клубнинг айрим шахслар томонидан илгари йўл қўйилган камчиликлар сабаб Лигадан четлатилиш даражасида жазоланишини мантиқан тўғри деб ҳисобламайди.
Юқоридагиларга қўшимча равишда «Сурхон» ПФЛга расмий хат билан чиқиб, эски раҳбарият жавобгар бўлган қарздорлик масаласи тўла ҳал этилиши бугунги раҳбарият томонидан назорат қилиб борилишига кафолат берди. Шундан келиб чиқиб, Ассоциация ҳамда Лига «Сурхон» футбол клуби Суперлигадаги иштирокини давом эттириши ҳамда легионер футболчилар билан ишлаши мумкинлигини мақсадга мувофиқ деб топди.
Эслатиб ўтамиз, «Сурхон» клуби 2023 йилда самарқандлик таниқли тадбиркор, Eriell Group кенгаши раиси Бахтиёр Фозилов томонидан сотиб олинган ва Eriell компанияси клуб ҳомийига айланганди. Жамоанинг ҳозирги қарздорлиги аввалги раҳбарият давридан буён қолиб кетмоқда.
Термиз клуби стадиони ҳали тайёр эмаслиги сабабли ўз ўйинларини Тошкентда ўтказиб келмоқда. Клуб ўтган мавсумни 6-ўринда якунлаганди.